Ссылки доступа

Қозоғистонда Telegram орқали гиёҳванд моддалар тарқатган эркак судланди


30 сентябрь, душанба куни Қарағанда суди шаҳарда истиқомат қилувчи 22 ёшли фуқарони олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилди, у катта миқдорда гиёҳванд моддалар сақлаш ва сотишда айбдор деб топилди. Эркак гиёҳванд моддалар сотиш борасидаги эълонни Telegram мессенжери орқали тарқатган.

Тергов маълумотларига кўра, судланувчи Telegram’га аниқ нархлари кўрсатилган ҳолда наша сотилиши борасидаги маълумотларни жойлаштирган, кейин гиёҳванд воситаларни “халталар”га жойлаштирган, харидор эса мобил илова орқали ҳақни тўлаган.

Судланувчи гиёҳванд моддаларни кимдан харид қилганини тергов аниқлай олмади. Суд судланувчига жабрдийдалар жамғармасига 20та ойлик ҳисоб кўрсаткичи (50 минг тенгедан кўп ёки 128 долларга яқин) бўйича пул ўтказишни юклади.

Судланувчи наша сақлаш борасида қўйилган айбгагина иқрор бўлди, — унинг айтишича, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланмаган, пуллар эса танишининг илтимосига биноан ўтказилган. Бундан аввал у гиёҳванд моддалар савдоси бўйича иқрорий кўрсатмасини берган эди, бироқ кейинроқ терговчилар томонидан босим бўлганини айтиб бу кўрсатмадан воз кечган эди.

«Бу каби жиноятларни бугунги кунда фош қилиш анча мураккаб, чунки наркосавдогар эълонларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатади, бунинг учун электрон "Qiwi-ҳамён" ҳисоби очилади, унга телефон рақамини киритади ва иккита-учта операция ўтказганидан сўнг рақамни ташлаб юборади ва яна бошқа телефон рақамида ҳисоб очади, шу тариқа даромад топишда давом этаверади», — дейди суд жараёнида прокурор Қуанишбек Абишев.

XS
SM
MD
LG