Ссылки доступа

Душанбеда тожик-хитой компаниясининг руда қазиб олиши ҳажми пасайишидан ташвишланмоқдалар


Тожикистон ҳукумати “Тожикистон ва Хитойнинг тоғ-кон саноати компанияси” МЧЖнинг рудани қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажми пасайишидан хавотирда. Йил бошида компания Тожикистондаги энг виждонли солиқ тўловчи деб эътироф этилганди.

“Тожикистон ва Хитой тоғ-кон саноати компанияси” муаммолари ҳукуматнинг яқинда бўлиб ўтган мажлисида муҳокама қилинган эди, деб хабар беради Озодлик радиоси манбаси. Манбанинг сўзларига кўра, компанияда қазиб чиқариш қисқариши туфайли Тожикистон бюджети солиқлар тўлови режали тушумида камомад юзага келиши мумкин.

Ҳукумат қарорида мамлакат саноат ва янги технологиялар вазирлигига ҳамда маҳаллий расмийларга ”Тожикистон ва Хитой тоғ-кон саноати компанияси” МЧЖда ишлаб чиқариш қисқариши сабабларини аниқлаш ва “компанияда қазиб олишдаги камчиликларни бартараф этиш ва уни ошириш” учун керакли барча чораларни кўриш топшириғи берилди.

Саноат ва янги технологиялар вазирлигининг тоғ руда саноати ва қимматли металлар бошқармаси бошлиғи Сухайли Курбоновнинг 30 сентябрь куни Озодлик радиосига айтишича, компаниядаги ишлаб чиқаришнинг қисқариши афтидан, конлардаги металл қазиб чиқариш ҳажмининг камайиб кетгани билан боғлиқ. Компания ходимларидан бирининг хабар беришича, ишлаб чиқаришнинг қисқариши туфайли ходимларнинг бир қисми ишсиз қолган, бироқ тафсилотларни очиқлашни истамаган.

Сўғд вилояти маъмуриятининг саноат бўлими бошлиғи Озифхон Шарифзода “Тожикистон ва Хитой тоғ-кон саноати компанияси” МЧЖда ишлаб чиқариш қисқарганини тасдиқлади ва юзага келган вазият ҳақида мамлакат ҳукумати хабардор қилинганини қўшимча қилди.

“Тожикистон ва Хитойнинг тоғ-кон саноати компанияси” МЧЖ 2007 йилда Олтинтопкан руда бошқармаси базасида ташкил этилган бўлиб, бундан илгарироқ янги технологияларни экспорт-импорт қилиш бўйича Хитойнинг глобал компанияси томонидан хусусийлаштириб олинган. “Тожикистон ва Хитойнинг тоғ-кон саноати компанияси” устав капитали $30 млн.ни ташкил этади. Компания Сўғд вилоятининг Матчин тумани ва Гулистон шаҳрида жойлашган "Шимолий Зарнисор", "Олтинтопкан" ва "Пайбулоқ" конларини ўзлаштириш учун лицензияга эга. Мазкур конларда қўрғошин ва рух элементлари мавжуд.

XS
SM
MD
LG