Ссылки доступа

Туркманистон ИИВда кадрларни “тозалаш” бошланди


Искандер Муликов
Искандер Муликов

Ички ишлар тизимида тозалаш бошланди. Айни дамда Ички ишлар вазири Искандер Муликовнинг ҳайдовчиси ҳибсга олингани айтилмоқда.

Азатлық радиоси мухбири айни дамда Ички ишлар вазири Искандер Муликовнинг Мақсат Аманов исмли ҳайдовчиси ҳибсга олинганини тасдиқлади. Мухбирнинг айтишича Аманов “Шатир” лақаби билан машҳур эди.

Turkmen.news интернет нашрининг хабарига кўра вазир Искендер Муликовнинг ўзи ҳам ишдан бўшатилган. Азатлық радиоси ҳозирча унинг ишдан четлаштирилгани борасидаги хабарга эга эмас. Бироқ Turkmen.news нинг хабар қилишича, унинг ўрнига Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Мамметхан Чакиев тайинланган.

Азатлық мухбирининг таъкидлашича, вазир ҳайдовчисининг ҳибсга олиниши яқинда Ашхабоддаги йирик тадбиркор Чары Кулов ва собиқ ташқи иқтисодий алоқалар савдо вазири Амандурди Ишановнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ. Хабардор манбаларнинг айтишларича, ўтган ойда ҳибсга олинган Чары Кулов ички ишлар вазири билан яқин алоқада бўлган. Жумладан, манбанинг таъкидлашича, Кулов Муликов манфаатларига тегишли бизнесни бошқарган. Унинг ҳайдовчиси Аманов эса бу манфаатларни таъминлашда муҳим роль ўйнаган.

Жумладан, Азатлық мухбирининг маълумотларига қараганда, Муликовнинг бизнес манфаатларига Ашхабоддаги бир нечта ресторан, кафе ва дўконлар кирган. «Айни дамда «Океан» ресторани, «Айпери» кафеси, «Турк таомлари» кафеси мусодара қилинди. Бу қаҳвахоналарнинг ҳаммаси Кулов томонидан бошқариларди. Назорат эса ҳайдовчи Муликов томонидан олиб бориларди», дейди манбага асосланган ҳолда мухбир.

«Бундан ташқари Максат Аманов вазирлар ва учинчи шахслар ўртасида турли шартномалар ва транзакциялар бўйича воситачилик қиларди», дея манбалардан бирининг сўзини келтиради Азатлық мухбири.

Таъкидланишича, 1 октябрдан бошлаб Туркманистон ИИВнинг бошқармаларидаги бир нечта юқори лавозимли амалдорлар ҳам ишдан четлаштирилган.

Азатлық манбаларининг фикрича, ИИВ тизимидаги тозалашлар Искандер Муликов ва Туркманистон куч ишлатиш тизимидаги бошқа бир етакчи фигура – миллий хавфсизлик вазири Яйлым Бердиев ўртасидаги ўзаро курашининг кўринишидир.

44 ёшли Искандер Муликов, Азатлық маълумотига кўра, 2017 йилдан бери истеъфога чиқишга ҳаракат қилиб келади, ва камида бир марта президент Гурбангули Бердымуҳамедовга мурожаат қилган, аммо унинг илтимоси рад қилинган.

Шунингдек Азатлык манбаларнинг айтишича, Искандер Муликов Туркманистон президентининг яқин қариндошларидан бири бўлган нуфузли ҳимоячисига эга бўлгани боис ўзининг ўтмишдошларидан энг кўп вақт ички ишлар вазири бўлиб ишлади. Муликов бу лавозимда 2009 йилнинг май ойидан бери ишлаб келади.

XS
SM
MD
LG