Ссылки доступа

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси собиқ бошлиғи халқаро қидирувга берилди


 Бусурманкул Табалдиев
Бусурманкул Табалдиев

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси (МХДҚ) собиқ бошлиғи Бусурманқул Табалдиев халқаро, жумладан Интерпол линияси бўйича қидирувга берилди.

У жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод қилиниши иши бўйича гумон қилинмоқда, дейилади 1 октябрь куни республика ИИВ матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда. Табалдиевга нисбатан Қирғизистон Жиноят Кодексининг 319 моддаси 2 қисми ("Коррупция") бўйича иш очилди.

ИИВнинг хабар қилишича, Батукаевни ким ва нима учун озод қилиш борасидаги тергов иши якунланди. Бу иш бўйича 19 киши айбланмоқда.
"14 нафар гумондор тергов билан ҳамкорлик қилиш борасида битим имзолади, беш киши битимга рози бўлмади", – дея хабар берди ИИВ. Ўн саккиз нафар гумондор жиноий иш материаллари билан танишиб чиқди, Табалдиев гумондор экани борасида сиртдан огоҳлантирилди. 2019 йилнинг 27 сентябрь куни жиноий иш материаллари Бош прокуратурага юборилди.

Батукаев – чечен жиноий авторитети. У қурол, гиёҳванд моддалар сақлагани ва оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаргани учун Қирғизистонда 16 йил муддатга қамоққа ҳукм қилинган. Бироқ 2013 йилда Норин шаҳар суди уни муддатдан аввал озод қилиш борсида қарор қабул қилди. Шифокорлар томонидан судга тақдим қилинган маълумотномада “қонундаги ўғри” қон саратонидан азият чекиши таъкидланади.

Озод қилинган куни Батукаев хусусий смамолёт билан Чеченистонга олиб кетилди. Шундан сўнг аён бўлишича, тиббиёт таҳлиллари сохталаштирилган бўлган. 2014 йилнинг мартида Бишкек суди Батукаевга нисбатан Интерпол линияси орқали қидирув эълон қилди. Шундан бери Батукаев Чеченистондан ташқарига чиқмасликка ҳаракат қилади.
Батукаевнинг ноқонуний озод қилиниши билан боғлиқ жиноий иш Қирғизистонда президент ўзгарганидан кейин - 2019 йил январида қайта тикланди. Ҳозир иш бўйича Батукаевга рак ташхизини қўйган онколог Эмиль Макимбетов ва лаборант Ирина Цоповага, шунингдек бир неча амалдор ва депутатлар: соғлиқни сақлаш собиқ вазири Динара Сагинбаева, бош вазир собиқ ўринбосари Шамиль Атаханов, Норин вилоят прокурори ўринбосари Майрамбек Акматалиев, Қирҳизистон собиқ Адлия вазири Аида Саляноваларга нисбатан жиноий иш очилган.
2013 йилда Батукаев қамоқдан озод қилинди, у вақтда Бусурманкул Табалдиев Қирғизистон Мудофаа Кенгаши (ҳозир Хавфсизлик кенгаши) котиби лавозимида ишларди. Унинг “қонундаги ўғри”ни озод бўлишига алоқаси борлиги ҳақида ўша вақтда Қирғизистн омбудсмени Турсунбек Акун маълум қилган эди. Ўшанда, Табалдиев мамлакатни тарк этгани борасида хабар тарқалган, аммо Қирғизистон расмийлари бу хабарни расман тасдиқламаган эди.

Батукаев иши бўйича шунингдек, Қўй Тошдаги қароргоҳида қўлга олинган Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ҳам гумон қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG