Ссылки доступа

Фарғона ҳокими тунги селекторга чақиртирган мактаб раҳбарлари аварияда ҳалок бўлди


Фарғона вилояти Данғара туманидаги тўртта мактабнинг директор муовинлари вилоят ҳокимлигидаги тунги селекторга кетаётган пайтда автоҳалокатга учради.

Улардан икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлди, қолган икки нафари оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Бахтсиз ҳодиса якшанба, 29 сентябрь куни маҳаллий вақт билан тунги 11 лар атрофида A-373 магистрал​ йўлининг Қўқон шаҳридан ўтувчи қисмида юз берди.​

Гувоҳларнинг айтишича, мактаб раҳбар муовинлари Фарғона вилояти ҳокимлигида соқол ва рўмол масаласида 30 сентябрга ўтар кечаси ўтказилган тунги мажлисда қатнашиш учун қарийб 90 километрлик масофага "Нексия -1" машинасида йўлга чиққан.

Машинани бошқариб кетаётган 26-мактаб директори ўринбосари рулда ухлаб қолгани сабаб автоулов йўлдан чиқиб кетиб, йўл четидаги кўча чироғи устунига урилган.​

Оқибатда ҳайдовчи ва олдинги ўриндиқда ўтирган 38-мактаб директори муовини ҳалокат жойида жон берган, орқа ўриндиқда ўтирган 24 ва 27- мактаб директори муовинлари оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

- Учала замдиректор машинада Фарғона шаҳрига вилоят ҳокимлигидаги соқол, рўмол масаласига бағишланган тунги селекторга кетаётган бўлган. Шу куни кундузги соат 1 ларга мажлисга айтилган бўлса¸ булар 11 ларда йўлга чиқишган. Қўқон шаҳридан ўтишда ҳайдовчи ухлаб қолган. Машина йўл четига чиқиб кетган, - деди ўлганлардан бирининг қариндоши.

Аварияда ўлганлардан яна бирининг қариндоши бу фожиа ортидан муаллимлар куни Данғарада мотамга айланганини айтади.

- Якшанба куни буларни тўсатдан шаҳарга мажлисга чақиртиришган. Йўлкира арзон бўлсин деб¸ тўрттаси бир машинада йўлга чиқишган. Куни билан ишлаб чарчаганми, ухлаб қолган. Кеча жанозаси бўлди, бугун маъракаларини ўтказдик. Ўқитувчилар куни қишлоғимизда мусибатга айланди, - дейди марҳум қариндошларидан бири.

Фожиа содир бўлган Қўқон шаҳар Ички ишлар бўлими навбатчиси ҳодиса юзасидан терговолди суриштируви олиб борилаётганини айтди.

Фарғоналик мактаб директорларидан бири 30 сентябрга ўтар кечаси вилоят ҳокимлигида соқол ва рўмол масаласига бағишлаб мажлис бўлганини тасдиқлади.

Фарғона вилоят ҳокимлигидаги тунги селекторга кетаëтган тўрт маорифчининг автоҳалокат қурбони ва жабрланувчиси бўлгани хусусида ҳозирча бирор расмий билдирув берилмади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бош вазирликка тайинлаган дастлабки йилларда "ихтиро" қилинган селектор йиғилишлари ҳукумат раҳбарларининг ўрта ва қуйи поғона раҳбарлар билан мулоқот қилиш усулидир.

30 сентябрь куни Reuters агентлиги Ўзбекистонда уч йилдан бери дам олишларсиз кунига 15 соатдан ишлаётган давлат амалдорларининг доимий чарчоқ ва стресс шароитида яшаëтгани ҳақида мақола эълон қилди.

Агентликнинг ëзишича¸ сентябрь ойида Тошкентда халқаро шартномалардан бирини имзолаш пайтида ўзбек амалдори ҳушидан кетиб йиқилган ва ҳамкасблари унинг қаттиқ стрессда ишлаб келганини айтган.

Reuters президент Шавкат Мирзиёев барча давлат амалдорлари учун “фавқулодда ҳолат” эълон қилганини эсга соларкан, номи сир қолишини истаган ўзбек амалдоридан иқтибос келтирган.

“Сўнгги ойларда Мирзиёев амалдорлар соат 17 да ишдан кетишлари, шанба ва якшанбани оиласи даврасида ўтказишлари тўғрисида кўрсатма берди. Амалда эса ҳеч нарса ўзгармади. Мен ҳалигача соат 8 да ишга келиб, ярим тундан кейин, кўпинча 1-2ларда уйга кетаман. Баъзан фарзандларимни бир неча кунлаб кўрмайман”, деб айтган амалдор Reuters агентлигига.

XS
SM
MD
LG