Ссылки доступа

Ўзбекистонлик реставраторларнинг деразадан ўзларини ташлашига сабабчи полиция ходимлари ишдан бўшади


Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида икки полициячи ишдан бўшади. Улар ташриф буюрганида икки нафар ўзбекистонлик реставратор ўзларини деразадан ташлашга мажбур бўлган эди. Хабарни ИИВнинг Москва вилоят бошқармаси матбуот котиби Татьяна Петрова тасдиқлади.

"Хизмат текшируви якунларига кўра Балашиха шаҳар округи полиция бўлимининг жиноий қидирув бўлимининг икки тезкор ходими ички ишлар ходими шаънини булғагани учун ички ишлар идоралари сафидан ҳайдалди ва улар амалдаги қонунларга биноан жавобгарликка тортилади", –дея тасдиқлади Петрова. Уларнинг бошлиғининг мансаби пасайтирилди, шунингдек 10 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, дейди Петрова.

20 сентябрь куни оғир жароҳат олганикки нафар ўзбекистонлик Балашихадаги шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилди.Дилшод Темировнинг тос суяги, бели, қўл ва бармоқлари шикастланди, Илҳом Холматовнинг ўнг оёғи синди ва миясидан жароҳатланди.

Уларнинг айтишича, хонага полиция ходимлари келиб пул талаб қилган ҳолда икки соат калтаклашгани боис турар жой биносининг иккинчи қаватининг деразасидан сакрашга мажбур бўлишган.

Жабрланган ўзбекистонликларнинг айтишларича, уларни малакали мутахаасис-реставратор сифатида Россияга Москва политехника музейи таклиф қилган.КечқурунТемиров ва Холматов яна икки нафар ўзбекистонлик Жасурбек Бегимов ва Алишер Эргашев билан қирғизистонлик Элёрбек Умаровнинг Балашихадаги уйига меҳмонга келган. Улар бўлган хонадонга уч эркак бостириб кирган ва хонада бўлганларнинг ҳаммасини калтаклай бошлашган.

"Биз йигитлар билан хонада ўтириб овқатланаётган эдик. Кутилмаганда фуқоро либосида бўлган одамлар кириб келди ва йигитларни калтаклай бошлашди, улар ўзларини жиноят қидирув бўлими ходимлари дея таништиришди. Улардан бири менга тўппонча ўқталди ва отиш билан пўписа қилди. Кейин нима бўлганини эслай олмайман. Кўзимни очганимда ерда ётган эдим, менинг оёғим синди", – дейди Илҳом Холматов.

Умаровнинг сўзларига қараганда, хонага бостириб кирган эркаклар хорижликлардан пул талаб қилишган: "Мен уларга Қирғизистон фуқороси эканлигимни айтганимда полиция ходимларидан бири юзимга урди ва менга қарата: "10 минг рубль бер!" деди.Мен картамда 8 минг рубль қолганини ва эрталаб пулни ечишим мумкинлигиниайтишимга қарамай у мени калтаклашни давом эттирди", – дея изоҳлайди Умаров.

"Полиция ходимларининг ўзбошимчалиги вақтида йигитлардан бири Дилшод иккинчи қаватдан сакради", – дейди Умаров. "Калтаклаш ва ҳақоратлар икки соат давом этди", – дея Умаровнинг сўзларини тасдиқлайди Жасурбек Бегимов.

Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, икки ўзбекистонлик ўзларини деразадан ташлаганидан сўнг полиция ходимлари эркакларни шифохонага олиб кетган “тез ёрдам” машинасининг кетишини кутишди ва ҳодиса жойидан қочиб кетдилар. Бироқ эртаси куни ўзларини “жиноий қидирув бўлими ходимлари” дея таништирган бир неча эркак “ўзларининг майор-бошлиқлари” ҳамроҳлигида шифохонага келишди. Улар жабрдийдалардан ҳеч ким таҳдид қилмагани, даразадан ўзлари сакраганлари борасида ариза ёзишларини сўрашди.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Балашихадаги ҳодиса бўйича РФ ТИВ, Бош прокуратураси ва Россия Тергов қўмитасига расмий мурожжаат йўллади, шундан сўнг ИИБ текширув ўтказди.

XS
SM
MD
LG