Ссылки доступа

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Тожикистонда ОИВга чалинган болалар сони ортмоқда


Тожикистонда сўнгги йилларда болаларнинг ОИВ инфекциясига чалиниши билан боғлиқ 130 та ҳодиса қайд қилинди, дея хабар беради мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги. Айрим болалар инфекцияни текширувдан ўтказилмаган ва касаллигини билмаган оналаридан юқтиришган.

Расмий маълумотларга кўра, ОИВга чалинганлар сони ўтган йил билан таққослаганда анча ошган.

Душанбеда яшовчи Холида учун шифокорлар чиқарган хулоса ҳақиқий даҳшат бўлди: унинг 11 ёшли ўғлининг қони таҳлил қилинганида ОИВ вируси аниқланди. «Агар ўғлим Беҳруз (исми ўзгартирилган) оёғини синдириб олмаганида ва биз шифокорларга мурожаат қилмаганимизда эди, у ҳолда узоқ вақт унинг ОИВ инфекциясини юқтириб олганини билмасдик», - дейди Холида.

Холиданинг эри тадбиркор, унинг ўзи эса хусусий компания ходимаси. «Эрим ва менда бу касаллик йўқ. Инфекция ўғлимда қандай пайдо бўлганини билмаймиз. Ҳозир биз унга дори бераяпмиз ва унга иммунитети тушиб кетганини айтаяпмиз. Тўғри у «иммунитет тушиб кетганини» билмайди. Мен ўзимда куч тўплашим ва унга даҳшатли хабарни айтишим керак», - дейди Холида.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг маълумотига кўра, сўнгги йилларда болаларда ОИВ инфекциясига чалиниш билан боғлиқ 130 та янги ҳодиса қайд қилинган. Уларнинг 82 нафари ўғил бола ва 48 нафари қиз боладир.

Душанбе шаҳридаги ОИВга қарши кураш ва профилактика Маркази шифокори Умед Талбов 3 октябр куни Радио Озоди билан суҳбатда ОИВ инфекциясига чалиниш билан боғлиқ айрим ҳолатлар жумбоқ бўлиб қолаётганини тан олди. «ОИВ-инфекциясини юқтириб олган болаларнинг ота-оналари мутлақо соғлом, болалар эса жинсий йўл билан касалликни юқтириб олишлари мумкин эмас» - дейди шифокор.

Унинг сўзларига қараганда, касаллик боланинг иммун тизими пасайишига олиб келади, у заифлашади, иммунитет тизими издан чиқади. ОИВга чалинган болаларнинг ҳаммасида жисмоний ривожланиш секинлашиши, чарчаш ва вазн ташлаш ҳолатлари кузатилади. “Болалар қон қуйиш вақтида ҳам (агар донор шу касаллика чалинган бўлса, махсус ишловдан ўтмаган тиббиёт жиҳозларидан фойдаланиш чоғида, шунингдек шу касаликка чалинган донор органлари трансплантацияси вақтида)бу касалликни юқтириб олишлари мумкин», - дейди Умед Талбов.

Тожикистонда 68 та ОИТС маркази фаолият юритади, жумладан битта республика ва битта минтақавий, 8 та шаҳар ва 58 та туман маркази бор. ТРнинг «Инсондаги иммунодефицит вируси ва юқтирилган иммунодефицит синдромига қарши кураш тўғрисида»ги қонунга биноан ОИВга чалинган беморларга дорилар бепул берилади. 18-ёшгача бўлган болаларга бир ойда 400-500 сомони (50 долларга яқин) нафақа берилади. 1-2 ёшгача бўлган болалар сут аралашмалари билан таъминланади. Аёлларга келсак улар ҳам бепул даволанади, дея маълум қилади Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Бугунги кунда Тожикистонда ОИВ-инфекциясини юқтирганлар сони 10,7 минг кишини ташкил қилади, уларнинг 7 минг нафари эркаклардир. Йил бошида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири Насим Олимзода бу маълумотларни эълон қилар экан, беморларнинг 54,6% ёки 5,9 минги ОИВ -инфекциясини жинсий йўл орқали юқтириб олишганини айтган эди, беморларнинг 4% оналаридан касалликни юқтирган болалардир.

Бироқ мутахассисларнинг фикрича, ОИВга чалинган инсонлар сони кўрсатилган рақамдан анча юқоридир. Уларнинг айтишларича, ОИВга чалинган бир беморни даволаш учун бир йилда $700 дан $1000 гача керак бўлади.

XS
SM
MD
LG