Ссылки доступа

Қирғизистонда журналист Алишер Саиповнинг ўлдирилишига оид жиноий иш қайта тикланди


Қирғизистонлик журналист Алишер Саиповнинг ўлдирилишига оид 2013 йилда ёпилган жиноий иш қайта тикланди. Бу ҳақда «Азаттық» радиосига журналистнинг укаси Шохрух Саипов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, жиноий иш қайта тиклангани борасидаги хабар Бош прокуратуранинг Эркин сўзни ҳимоя қилиш Халқаро ассоциацияси (IFEX)га берган жавобида маълум қилинган.

Таъкидланишича, Ўш вилоят прокуратураси 2019 йил29 августида ишни тўхтатиш борасида терговчининг қарорини бекор қилган ва терговни қайта тиклаган.

«Маълум бўлишича, қароргоҳи Канадада жойлашган халқаро ташкилот акамнинг ўлдирилиши бўйича прокуратура идораларига шу йилнинг июлида мурожаат қилган. Уларгаиш қайта тиклангани борасида жавоб беришган. Жиноий иш ёпилгани борасида бизга маълум қилишмаган эди. Биз жиноий иш қайта тикланганидан хурсанд бўлдик. 12 йил муқаддам акамини ўлдирган кишини топишнинг имкони бўлмагандир. Биз буни тушунамиз. Аммо биз қотиллик сабаблари, ёки унга нима сабаб бўлганини билишимиз керак. Биз шунга умид қиламиз. Қотиллик вақтида акамнинг ёнида бўлганлар билан учраштирсалар яхши бўларди», - дейди Шохрух Саипов.

Бош прокуратура иш қайта тиклаганини тасдиқлади ва шу билан бирга айни дамда сабабларига ойдинлик киритилаётгани таъкидланди.

26 ёшли журналист Алишер Саипов 2007 йил 24 октябрь куни Ўш шаҳридаги Масалиев кўчасида отиб кетилган эди. У ҳодиса жойида вафот этди. Унинг қотили ҳамон топилмаган.

Алишер Саипов Voice of Ameriсa, RFE/RL-Ozodlik, BBC, Mashhad радиостанциялари ва «Фергана.Ру» ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган эди. У ўзининг журналистик фаолияти даврида Фарғона водийсидаги сиёсий, диний ҳодисаларни ёритган, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик мавзусида мақолалар ёзган.

XS
SM
MD
LG