Гувоҳларнинг айтишича, паркда назоратчи бўлиб ишлаган Эля Холиқова 30 сентябрь куни янги ўрнатилган "Spin block" аттракционида тест синови ўтказилаётган вақтда ҳалокатга учраган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабарида ҳалокат қизнинг эхтиётсизлиги туфайли юз бергани айтилган.
"Синов тариқасида ҳаракатлантирилаётган аттракционга рухсатсиз чиқиб, ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида ушбу аттракционнинг темир труба қисмига урилиши натижасида олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган", - дейилади Бош прокуратура билдирувида.
"Афсоналар водийси" парки ходимларидан бири қизнинг ўлимини "бахтсиз ҳодиса" дер экан, бунга унинг ўзи сабабчи бўлганини айтди:
- Бахтсиз ҳодиса бўлди-да. Синаб кўрилаётган качеляга рухсат берилмаса ҳам ўтириб олди.
2001 йилда туғилган Эля Холиқова "Наманган Истиқлол боғи" МЧЖга қарашли бўлган кўнгилочар боғида 1 августдан бери назоратчи бўлиб ишлаб келган.
Ҳозирда унинг ўлими юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бораётганини маълум қилди.
Наманган шаҳридаги "Афсона" истироҳат боғида Марказий Осиёдаги энг катта аттракционлардан бири деб таърифланган "Афсоналар водийси" шу йил ёзида ишга туширилган эди.
Наманган шаҳар ҳокимлиги расмийлари "Афсоналар водийси" парки ҳокимиятга қарашли эмаслиги, ҳусусий эканини айтиш билан чекланди.
Ўзбекистон истироҳат боғларида Жиззахдаги каби фожиалар юз бериб туради.
Шу йилнинг июн ойида Жиззахдаги истироҳат боғида аттракцион тутқичи синиб кетиши оқибатида 20 ёшли қиз ҳалок бўлган эди.