Шу муносабат билан Радио Озоди ҳукм қилинган тожик адвокатининг укаси Жамшед Ёров билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, Бузургмеҳр Ёровнинг инсон хуқуқлари бўйича нуфузли мукофотга сазовор бўлишининг ўзи катта ғалабадир. "Бизда жаҳон жамоатчилигига Бузургмеҳр иши бўйича кўпроқ маълумот бериш имконияти туғилди. Бизда ниҳоят акам билан қамоқхонада БМТ вакиллари ва журналистларнинг учрашишлари мумкинлигига умид уйғонди. Унинг иши холис ҳакамлар, БМТ идораси ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирокида қайта кўриб чиқилишига ишонамиз", - деди Жамшед Ёров.
Адвокат қамоқдаги шароит юзасидан шикоят қилганми, дея берилган саволга Жамшед Ёров жавоб берар экан, бир йил муқаддам онасига ўзини қийноққа солишгани ҳақида айтганини маълум қилди. Шундан кейин ундан шикоят бўлмади.
"Бузургмеҳр синмади – у руҳан жуда кучли инсон. Бизга маълум бўлишича, унга бир неча бор ошкора тавба қилиш борасида “маслаҳат беришган” ва ҳатто афв қилиш борасида президент Эмомали Раҳмон номига ёзилган матни беришган. Бироқ у бу ҳужжатни имзолашни истамади. Бузургмеҳр ўзини айбсиз дея билади ва озод этилишни талаб қилади", - дея қўшимча қилади адвокатнинг укаси.
Жамшед Ёровнинг айтишича, айблов хулосасида таъкидланишича, гўёки Бузургмеҳр ўз мижозларига бир неча минг доллар эвазига жиноий жавобарликдан озод қилинишларини ваъда қилган экан. "Терговчиларнинг сўзларига қараганда, адвокат сўзида турмаган. Аслида унга қарши чиққан 18 кишидан атиги уч нафаридан у гонорар сифатида пул олган. Суд жараёнида Бузургмеҳр уларга мурожаат қилиб: «Ҳа, пулларингиз менда, бироқ мен ҳибсда бўлганим боис судда Сизнинг ҳуқуқингизни ҳимоя қила олмайман», деган. Бузургмеҳрнинг айтишича, бошқа аризачиларни умрида мутлақо кўрмаган", - дейди Жамшед Ёров.