Ссылки доступа

9 яшар қизларни одам папилломаси вирусига қарши ëппасига эмлаш бошланди. Оналар хавотирда


Жорий ой Ўзбекистон бўйлаб 9 яшар қизларни одам папилломаси вируси (ОПВ)га қарши ëппасига эмлаш бошланди.

Дунëнинг аксар мамлакатида тавсия характерида бўлган бу вакцинанинг 2010 йилда туғилган қизларга ëппасига қилинаëтгани¸ ўзбекистонлик оналар орасида хавотир¸ ҳатто ваҳимага сабаб бўлмоқда.

Тошкентлик оналардан бири 9 яшар қизи ўқийдиган мактабда ўтказилган мажлисга чақиртирилгани ва унда бу вакцина ҳақида врачлар маълумот берганини айди. “Бу вакцинани айнан 9 ëшда қилса¸ таъсир муддати узоқроқ бўларкан. “Бепул пайтда қилдириб қолинг¸ қизингиз 10 ëш бўлганда¸ буни пулга ҳам қилдиролмайсиз. Вакцина нархи 100-200 доллар чет элда”¸ дейишди. Врачларга ишонилса¸ бу жуда фойдали нарса экан”¸ дейди оналардан бири.

Бу суҳбатдош¸ мактаб йиғилишида ўзини ҳеч ким бундай вакцинага розилик беришга мажбурламаганини билдирди.

“Лекин¸ биттаси камида 100 долларлик вакцинани нега 2010 йилда туғилган қизларга ëппасига бепулга қилишаяпти¸ шуниси одамни ўйлантираяпти. Шунча яхши нарса бўлса¸ нега бепул қилишаяпти? Бу вакцинани ишлаб чиқарганлар учун қизларимизни тажриба қуëнчаси қилишмаяптимикин¸ деган хавотир кучли ичимда. Бизнинг мактабда 22 октябрдан эмлаш бошланади¸ розилик берсангиз¸ дейишди. Мен ҳозирча бермадим. Укол қилган пайтидаги реакцияси бир тараф¸ 10 йилдан кейин нима бўлишини билмаймизку! Эмлатиш-эмлатмаслик ҳақида ҳалиям бир қарорга келмадим”¸ дейди тошкентлик 9 яшар қизнинг онаси.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаëтган аудиоларга қаралса¸ бу суҳбатдош каби ОПВ вакцинасининг яқин ва узоқ муддатли таъсири қандай бўлишидан хавотирга тушаëтган оналар Ўзбекистонда кам эмас.

Хусусан¸ Telegram каналидаги ўзбекистонликлар орасида тарқаëтган аудиода оналардан икки нафари ўз группадошларини бу вакцинанинг “қўрқинчли “оқибатларидан огоҳлантиради¸ ўзи гаплашган гинекологларнинг унга қарши эканини айтади.

Жорий йил баҳорида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари (ҳозир Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси) Элмира Боситхонова ҳукумат АҚШдан 7 млн долларга папиллома вирусига қарши янги вакцина сотиб олингани ва барча вояга етмаган қизларни бепул эмлашини билдирган эди.

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 1660 нафар аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда. Мамлакатимизда йилига ўртача 585 киши мазкур касаллик туфайли вафот этмоқда. Яъни ҳар куни деярли икки киши. Ушбу касалликни одам папилломаси вируси келтириб чиқаради”¸ деган эди Элмира Боситхонова жорий йил март ойида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари маҳаллий матбуот¸ миллий телеканаллар орқали ОПВга қарши вакцинанинг узоқ муддатли негатив таъсирига оид хавотирларни тарқатишга уриниб келмоқда.

Хусусан¸ вазирлик баëнотига кўра¸ 2010 йилда бир нечта вилоятда 8 минг нафар қиз шу вакцина билан эмланган ва эмлашнинг ҳеч қандай ножўя таъсири ёки асорати кузатилмаган.

“Одам папилломаси вирусига қарши эмлаш мутлақо хавфсиз, бу вакцина инсон саломатлигига зарар етказмайди, халқаро ташкилотларнинг ижобий хулосалари бор. Бу вакцина бепуштликни келтириб чиқариши, аутизмга олиб келиши ҳақида тарқалаётган ҳар хил гап-сўзлар асоссиз, нотўғри маълумотлардир”¸ деди шу кунларда яна бир бор тарқаëтган ваҳималарни аритишга уринган вазирлик Санитария-эпидемиология бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова маҳаллий матбуотда қилган чиқишида.

Расмий хабарларга кўра¸ октябрь давомида 9 ёшдаги 400 минг нафар қиз ОПВга қарши эмланади¸ 2020 йилдан эса¸ 14 ёшгача бўлган қизларни ҳам бепул эмлаш бошланади. 14 ёшдан катта бўлган қизлар ва аёллар тўлов эвазига ушбу вакцина билан эмланиши мумкин.

Ўтган ой Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз расмий сайти¸ қолаверса¸ Telegram каналида бу вакцинани кенг реклама қилган эди. Шаҳар ҳокими¸ Ўзбекистондаги энг йирик бизнес структуралари эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев мамлакатдаги энг катта кўп тармоқли Akfa Medline хусусий тиббиëт тизими мулкдори ҳамдир.

Асосан жинсий алоқа воситасида юқувчи одам папилломаси вирусига қарши глобал миқëсда энг кўп қўлланилаëтган Gardasil вакцинасини АҚШнинг Merck & Co. Фармацевтика конгломерати ишлаб чиқаради. АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика агентлиги бу вакцинанинг 9-14 ëшдаги қиз ва ўғил болаларга эмланишига 2006 йилда расман рухсат берган.

XS
SM
MD
LG