Ссылки доступа

Олмаотадаги СИЗОда очлик эълон қилган саккиз кишининг икки нафари овқат қабул қила бошлади


Ўтган ойда “терроризм тарғиботи” ва “нифоқ қўзғатиш” айби билан узоқ муддатга қамоққа хукм қилинган саккиз киши суд ҳукмига норозилик сифатида 30 сентябрдан очлик эълон қилган эди. Улардан икки нафари 3 октябрь куни очликни тўхтади.

Бу ҳақда Азаттық радиосига саккиз йилга қамоққа ҳукм қилинган Болатбек Нургалиевнинг онаси Сауле Нургалиева маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, бу маҳкумларнинг Олмаотадаги тергов изолятори(СИЗО)га ташриф буюрган уч нафар ота-онаси кўз ўнгида юз берди. Онанинг айтишича Болатбек Нургалиев очликни тўхтатишдан воз кечди. Очликни тўхтатиш борасидаги аризани, унинг айтишича, Азамат Умбеталиев ва Жасулан Искаков ёзган.

Азамат Умбеталиевнинг онаси Анжелика Беляеванинг Азаттық радиосига айтишича, ўғли очликни бутунлай тўхтатиш ҳақида эмас, балки апелляцион судга қадар тўҳтатиб туриш ҳақида ариза ёзган. Унинг сўзларига қараганда, ариза ёзиш жараёнида прокуратура, Олмаота шаҳри бўйича жиноят-ижро тизими департаменти вакиллари ва СИЗО раҳбарияти иштирок этган.

Жасулан Искаковнинг отаси Мейрам Искаковнинг айтишича, ўғлига ўзи мустақил равишда қарор қабул қилиши юзасидан маслаҳат берган.

Олмаота шаҳри бўйича жиноят-ижро тизими департаменти ва СИЗО раҳбарияти билан боғланишнинг имкони бўлмади; Департамант матбуот хизмати расман сўров юборишлари кераклигини айтишди.

“Терроризм тарғиботи” ва “нифоқ қўзғаш” билан боғлиқ жиноий ишнинг тўққиз нафар иштирокчисидан саккиз нафари 5 август куни Алматида узоқ муддатга қамоққа ҳукм қилинган эди. 40 ёшли Болатбек Нургалиев саккиз йилга, 39 ёшли Ернар Саматов ва 36 ёшли Бекет Минбасовлар етти ярим йил муддатга “терроризм тарғиботи” ва “нифоқ қўзғаш” айби билан қамоққа хукм қилинган эди. Нифоқ қўзғашда айбланган 27 ёшли Азамат Умбеталиев, 34 ёшли Жасулан Искаков, 32 ёшли Самат Адилов, 31 ёшли Назим Абдрахманов ва 36 ёшли Есим Сулейменов беш ярим йилдан қамоқ жазосини олди.

Иш материалларига кўра, Болатбек Нургалиев WhatsApp мессенжеридан «терроризм ва салафийлар ғояси тарғиботи» ва “мазкур оқимнинг издошларини кўпайтириш мақсадида” гуруҳ ташкил қилган ҳамда саккиз нафаро маслакдошларни рўйхатга олган. Қозоғистоннинг турли минтақаларидан бўлмиш бу одамлар ҳукмга кўра, «ягона мақсад йўлида, ўз харакатлари қонунга зид эканлигини била туриб … диний мавзуларни фаол муҳокама қилишган… онгли равишда радикал фикрларни билдиришган, терроризм ва диний нифоқни қўзғашган».

Эшитувларда томонлар ва айбланувчилар сўнгги сўзларида ўзларнинг айбсиз эканликларни айтишди ва суддан оқланишлпрни сўрашди. Айни дамда улар апелляция аризаларни кутишмоқда.

Мазкур ишнинг тўққизинчи иштирокчиси, жиноий кодекснинг икки моддаси бўйича айбланаётган (“террорчиликни тарғиб қилиш” ва “нифоқ уйғотиш”) 40 ёшли Жулдизбек Таурбеков суд олдида алоҳида жавоб бериши кутилмоқда. Касаллиги туфайли (Таурбековда — юрак хуружи) унинг иши алоҳида кўриб чиқиладиган бўлди.

XS
SM
MD
LG