Ссылки доступа

Андижонда “диний фонни” камайтириш имом хатиб ва отинчалар зиммасига юкланди


Маълум бўлишича, кейинги кунларда Фарғона¸ Наманган ва Андижон вилоятларида “Диний мухитни соғломлаштириш” бўйича ИИБ ¸ МФЙ ва мактаб ўқитувчилари иштирокида профилактик йиғилишлар ўтказилмоқда.

Шаҳрихондан келган аудиоёзув жорий йилнинг 4 сентябрида “соқолга қарши” тадбирлар бошланганидан бери бу жараëннинг қандай кечаётганини очиқловчи илк аудиоҳужжатдир. Аудиони жўнатганларнинг айтишича, унда акс этган йиғилиш Шаҳрихон туман Қалача МФЙсида ўтказилган. Унда тумандаги 20 дан зиëд “махсус хисобда турган¸ соқол қўйган ва миллий бўлмаган дўппи кийиб мунтазам масжидга борадиган” 18 ва 19 ëшлар атрофидаги йигитлар қатнашган. Айни йиғилишда қатнашган диндор йигитга кўра¸ бир соатлик тушунтириш ортидан йигитлар соқолини олдирган.

Аудиоëзувда Шахрихон туман ИИБ профилактика инспектори ўзини майор Элмурод Ахмадалиев деб таништириб, консерватив диндор ëшларни қандай қилиб соқол қўймасликка ундагани акс этган. Элмурод Аҳмадалиев “агар ҳамма соқол қўйса халқ хўжалиги ва давлат ишларини ким қилади” дея ëшларга тушунтиради. Ахмадалиевга кўра, соқол қўйиш “ 60 ëшга тўлган нуроний отахонларга мумкин”.

ИИБ профилактика инспекторига кўра¸ араб ва бошқаларнинг кийиниш тарзи ўзбеклар учун ўрнак бўла олмайди: “Биз турк эмасмиз¸ эроний эмасмиз биз ўзбекмиз. Ота -боболаримиз удумини қилайлик. Оллох қалбимизда қўлимиз ишда бўлсин. Отаси қўймаган соқолни боласи ëки набираси қўйиб кулгига қолмайлик”.

Аудиоëзувдан маълум бўлишича, йиғилиш қатнашчиларидан бири 19 яшар йигит “соқол қўйиш тақиқланган қонун борми”¸ дея савол қўяди. 19 яшар йигитнинг бундай савол беришини ИИБ майори “кибр” деб атаб¸ йигитга “сени опоқингни (бувангни демоқчи - таҳр.) танийман¸ отангни танийман¸ бундай савол бермагин. Хонамга кирсанг тушунтираман сенга” дея тахдид оҳангида гапиради.

Озодлик тасарруфида бўлган аудиода ИИБ майори билан суҳбатга кириб келган консерватив диндор ëшлар вакилининг “Биз енгилдик” деган гапини эшитиш мумкин. Озодликда нусхаси бўлган Қалача МФЙ йиғилишининг 47 - рақамли қарорида айтилишича¸ шаҳрихонлик ëшларга “Телефонларига интернетдаги қорилар маърузаларини юкламаслик¸ эшитмаслик¸ кўрмаслик¸ тингламаслик ва бошқа танишларига юбормаслик“ кераклиги алоҳида тушунтирилган.

Ҳужжатда “60 ëшдан ошиб нуроний қаторига ўтканларга соқол қўйиш изни берилиши ва жума номозларига ëши улуғ оқсоқоллар ва нафақадаги катталар бориши кераклиги” таъкидланган.

Йиғилиш қарорига кўра¸ тумандаги диний фонни камайтириш Қлачадаги ягона Салмон Форсий масжиди имом хатиби ва маҳалла отинчалари зиммасига юклатилган.

Шунингдек, Шаҳрихон тумани маҳаллаларида хижоб кийиб юрадиган аëл ва қизлар¸ қизларини мактабга ҳижоб ўратиб юборадиган оилалар билан маҳалладаги отинча ва дастурхончилар ишлаши лозимлиги ҳужжатда белгилаб қўйилди.

Аввалроқ Наманган вилоят, Тўрақўрғон туман Хотин-қизлар қўмитаси тарғибот гуруҳлари туманда уйма-уй юриб, рўмолли аёллар ва соқол қўйган эркакларни миллий удумларга мос равишда кийинишга тарғиб қилаётгани хабар қилинган.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса, 29 сентябрь куни аудиоёзуви тармоққа тушган мажлисида, айни ишчи гуруҳлар зиммасига вилоятда "беўхшов соқол" қўйган ва рўмол ўраганга қатъий чора кўриш вазифасини юклаган.

XS
SM
MD
LG