Ссылки доступа

Ироқдан 64 нафар ўзбек бола Тошкентга олиб келинди


Ўзбекистон Ироқдан 64 нафар ўзбек болани олиб келди. Болалар 10 октябрь куни Тошкент аэропортида кутиб олинди.

ЎзАнинг хабар беришича, болаларни ватанига қайтариш Ироқ ҳукумати ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда амалга оширилди. Болаларни Ўзбекистонга қайтариш юзасидан президент топшириғига кўра, махсус ишчи гуруҳи тузилган эди.

Хабарда айтилишича, «Меҳр 2» деб номланган мазкур инсонпарварлик амалиёти доирасида Ўзбекистонга 39 нафар ўғил ва 25 нафар қиз бола қайтарилган. Уларнинг 14 нафари 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафари ота-онасидан айрилган болалардир.

Маълум қилинишича, болаларнинг ота-оналари Ироқда 10 йилдан 20 йилгача ёки умрбод қамоққа ҳукм қилинган.

Ишчи гуруҳ томонидан “қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик аёллар билан тегишли суҳбатлар ўтказилди ва фарзандларини Ўзбекистонга олиб келиш бўйича уларнинг розиликлари олинган”.

“Эндиликда болалар барча қулайликларга эга бўлган соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилиши кутилмоқда. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатишлари кўзда тутилган. Сиҳатгоҳда болалар учун иссиқ овқатлар ташкил этилиб, уларга янги кийим-кечаклар берилиши айтилмоқда”, дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG