Ссылки доступа

Уфада Тожикистон фуқароси 2 йил вояга етмаган ўзбекистонлик қизни зўрлаган


Бошқирдистон пойтахтида икки йил вояга етмаган ўзбекистонлик қиз шантаж қилинган ва зўрланган. Куни кеча жабрдийда ўзининг видеомурожаатида Тожикистон фуқароси томонидан хўрлангани юзасидан сўзлаб берди, дея хабар беради «Вести-Башкортостан» телеканали.

«У мени ичириб қўйиб 2017 йилда зўрлаган. Ўшанда мен 12 ёшда, у 43 ёшда эди. Бу иш икки йил давом этди. У мени қўрқитгани боис ҳеч кимга айта олмасдим. Онамнинг ҳужжатларида муаммолар бор эди. Маълум бўлишича у онамга соҳта ҳужжат ясаб берган. У мени онамни депорт қилишлари, синглимнини мактабдан ҳайдашлари билан қўрқитарди. Мен ёш эдим ва ҳеч нарсани тушунмасдим. Мен қўрқардим ва оилам учун чидадим», – дейди ўқувчи қиз.

Қизнинг зўрланиши борасида унинг синглиси билиб қолди ва онасига айтиб берди. Она эса ўз навбатида полицияга мурожаат қилди. Шундан кейин жабрдийда ўқувчи қиз ва унинг синглисини махсус бошпанага, онасини эса хорижликларни вақтинчалик ушлаб туриш марказига юборишди.

Қизнинг айтишича, тожикистонликнинг туман полиция бошқармаси билан муносабатлари бор. «Биз онамиз билан ажралишни истамаган эдик, аммо бизларни атиги бир кунга дея алдашди. Аммо орадан 20 кун ўтди, онамиз билан учрашишга рухсат беришмаяпти, бу ишда бирор бир силжиш йўқ. Менинг ишимни яна уч ойга узайтиришди», – дейди ўзбекистонлик 14-ёшли қиз.

Шу билан бирга жабрдийда қизнинг айтишича, ҳозир тожикистонлик бошқа бир вояга етмаган қизни бузиш билан шуғулланиб юрибди. Қиз 12 ёшда.

Россия Тергов Бошқармасининг Бошқирдистон бўйича тергов бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, вояга етмаган қизни зўрлаш факти бўйича жиноий иш очилди. Тергов олиб борилмоқда. Гумондорга нисбатан ҳибсга олиш бўйича эҳтиёт чораси билан боғлиқ масала кўриб чиқилмоқда.

Шу билан бирга қизнинг онасига нисбатан суд қарори чиқарилган, у миграция қонунларини бузгани боис Россияни тарк этиши керак.

XS
SM
MD
LG