Ссылки доступа

Ўқувчининг жасади каналдан топилди. Яқинлари иддаосича, бола мактабда ҳақоратлангани сабаб ўз жонига қасд қилган


Қашқадарёда Қарши тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи магистрал каналидан 15 ёшли ўқувчининг жасади топилди. Воқеа Қарши туманининг "Дашт" маҳалласида 19 октябрь куни рўй берди.

Марҳум ўқувчининг онаси ва синфдошининг иддаосига кўра, мактабда ўқитувчилар тарафидан хўрланиши ва калтакланиши ортидан бола ўзини каналга ташлаб, жонига қасд қилган.

Ўлиги дарёдан топилган ўқувчининг онаси Ҳ.Хнинг даъво қилишича, 9-синф ўқувчиси бўлган ўғли Р.А. мактабга телефон олиб келгани учун муаллимлари томонидан ҳақоратлангани ва калтакланганидан сўнг ўзини Қарши магистрал каналига ташлаган:

Ўқитувчилар "нега мактабга телефон олиб келдинг", деб синфдошлари орасида "жалаб", деб ўғлимга қаттиқ босим қилишган, уришган, телефонини олиб қўйишган. Кейин у ўзимни каналга ташлайман, деб мактабдан чиқиб кетган

- Мен пахтага чиқяпман, дадаси Россияда. Ўғлим кичкина укасини боғчага олиб боради, шунинг учун унга телефонни бериб қўйгандим. Ўша куни ўқитувчилар "нега мактабга телефон олиб келдинг", деб синфдошлари орасида "жалаб", деб ўғлимга қаттиқ босим қилишган, уришган, телефонини олиб қўйишган. Кейин у ўзимни каналга ташлайман, деб мактабдан чиқиб кетган. Менга устози телефон қилиб бу ҳақда айтди. Канал бўйига борсам сумкаси билан велосипеди турибди, болам йўқ. Қутқарувчилар келиб боламни ўлик холда топиб беришди.

Ўлиги дарёдан топилган ўқувчининг синфдошларидан бири боланинг мактаб ўқитувчилари томонидан калтакланганига гувоҳ бўлганини айтди:

- Синф раҳбаримиз ва директор ўринбосари телефон устида урди. Ёқасидан ушлаб, судраб актовий залга олиб кетишди. Кейин юзини чап томони қизарган, йиғлаб юрувди. Бундан олдин қизларни олдида, синфдошларини олдида уялтирувди-да. Онасини мактабга чақиртиришди. Онаси келган пайт, "ўзимни ўлдираман", деб канал бўйига қочиб кетди. Борсак, ўзини ташлаб бўлибди.

Бола мактабда калтакланганини у ўқиган ​7-сон умумтаълим мактаби ўқитувчиларидан бири ҳам тасдиқлади.

Маъмуот сиздиргани учун жазоланишдан чўчиб, исми сир қолишини сўраган ўқитувчига кўра, туман Ички ишлар бўлими ва прокуратура ходимлари мактабда ўқувчи ўлими юзасидан муаллимларни сўроқ қилган.

Ички ишлар бўлими ходими мактаб ўқувчисининг ўлими юзасидан туман прокуратураси суриштирув олиб бораётганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG