Ссылки доступа

ҚР президентининг собиқ маслаҳатчиси Икрамжан Илмиянов 7 йилга кесилди


Икрамжан Илмиянов.
Икрамжан Илмиянов.

Бишкекнинг Октябрь туман суди 30 октябрь куни президентнинг собиқ маслаҳатчиси Икрамжан Илмиянов мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Суд Икрамжан Илмияновни “Фирибгарлик” моддаси бўйича айбдор деб топди. Адолат посбонлари унинг зиммасига 180 минг сом (2600 доллар) миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини юклади.

23 октябр куни мажлисда давлат қораловчиси Илмияновнинг айби тўлалигича исботланганини айтиб, унга нисбатан мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 7,5 йиллик қамоқ жазоси ва 180 минг сом миқдорида жарима қўллашни сўради. Судланувчининг ўзи сўнгги сўзида айби исботланмагани таъкидлаб, суддан “адолатли қарор” чиқаришни сўради.
30 октябр куни Илмияновга ҳукм эълон қилинганидан кейин журналистларга суд қароридан норозилигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, у адвокатлари билан ўзининг кейинги ҳаракатлари ҳақида маслаҳатлашиб олмоқчи.

Икрамжан Илмиянов – собиқ президент Алмазбек Атамбаев жамоасида ишончли одамлардан бири бўлган. У давлат раҳбари аппаратида раҳбарнинг ўринбосари ва президентнинг маслаҳатчиси лавозимларини эгаллаган, 2011 йилдан 2017 йилларгача ҳокимиятда нуфузли фигуралардан бири бўлган.

Бош прокуратура унга нисбатан 2018 йилнинг 28 сентябрида жиноий иш қўзғатган. Унга Жиноят кодексининг 204-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича айблов қўйилган. Тергов версиясига кўра, Илмиянов президент аппарати раҳбарининг ўринбосари бўлган кезларда тадбиркордан унинг Қирғизистондаги муаммоларини ечиб бериш учун 150 минг доллар пора олган.

МХДҚнинг маълумотига кўра, Илмиянов Россияда қўлга олинган ва 2018 йилнинг 19 октябрида Бишкекка келтирилган. Унинг ўзи 23 октябр кунги суд мажлисида айбини тан олмаслигини айтиб, унга қарши жиноий иш очилганини Россияда билиб қолиб, Бишкекка ўзихтиёри билан келганини гапириб берди.

19 октябрь кунги мажлисда жарбдийда Николай Грамович кўрсатмаларининг видеоёзуви кўрилди. Унинг ўзи жараёнда қатнашмади. Видеомурожаатда Грамович 2017 йилда компаниясининг муаммони Илмиянов орқали қандай ечишга муваффақ бўлганини гапириб берди.

XS
SM
MD
LG