Ссылки доступа

Тожик адвокатига профессионал фаолият билан бир умр шуғулланмаслик айби қўйилиши хавф солмоқда


Абдулазиз Абдурахмонзода
Абдулазиз Абдурахмонзода

Аксилкоррупция агентлиги ходимлари томонидан қийноқлар ҳақида арз қилган тожик адвокатига бир умрга адвокатлик лицензиясидан маҳрум этилиши хавфи таҳдид солмоқда.

Пойтахтнинг Сино тумани қарори билан адвокат Абдулазиз Абдурахмонзода фирибгарликда айбдор деб топилди ва 20 минг сомонийдан юқори (2 минг доллар атрофида) миқдорда жарима тўлаш мажбурияти юкланди. Озодлик радиосига Тожикистон адвокатлар иттифоқи раҳбари Саидбек Нуриддиновнинг хабар беришича, суд қарори кучга кирган тақдирда, у умрбод адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Абдулазиз Абдурахмонзодага нисбатан жиноий иш аксилкоррупция агентлигининг ходимлари томонидан қўзғатилган: адвокат мижоздан пора олишда айбланди. Бироқ Абдулазиз ва унинг ҳимоясига отланган бошқа 15 нафар адвокат аксини айтмоқдалар – Абдулазиз аксилкоррупционерлар томонидан қийноқларга дучор қилинган.

Адвокатлар иттифоқи раҳбари Саидбек Нуриддиновнинг айтишича, судга Абдураҳмонзодага нисбатан қийноқ қўлланилгани далили кўрсатилганига қарамай, прокуратура қийноқ далилини инкор этди ва суд унинг ҳимоясидаги шахсни айбдор деб топди. Суҳбатдошга кўра, у суд қарори устидан юқори суд инстанцияларига шикоят йўллади.

Нуриддиновнинг айтишича, асосий муаммо жарима миқдорида эмас, балки Абдулазиз Абдурахмонзоданинг адвокатлик фаолияти ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилинишидир.

«2015 йилда адвокатура тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилган, унга кўра, агар адвокат жавобгарликка тортилса ва судланганлик тамғаси босилса, у ҳолда у умрбод адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилинади. Биз халқаро стандартларга зид қонуннинг ушбу нормасини қайта кўриб чиқиш борасида ҳам администрацияга, ҳам парламент, ҳам президентга мурожаат қилдик, афсуски, ҳозирча бефойда. Бундай чекловлар бўлиши керак эмас», - дейди Саидбек Нуриддинов.

Адвокатлар иттифоқи маълумотига кўра, Тожикистон Республикаси молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш Агентлиги ходимлари Абдураҳмонзодани ноқонуний қўлга олишган ва у Варзоб туман суди ходимини ушлаб бериши учун қийнашган. Ўз навбатида, аксилкоррупция идораси қийноқлар борасидаги барча айбловларни рад этиб, адвокатни фирибгарликда айблашаяпти. 27 ёшли Абдулазиз Абдурахмонзода тўртинчи йилдирки, адвокат бўлиб ишламоқда.

XS
SM
MD
LG