Ссылки доступа

ЮНИСЕФ: Тожикистонда 3 мингдан ортиқ «кўринмас бола» аниқланди


Юзлаб тожик болалари туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга эмас ва ижтимоий имтиёзлардан маҳрум қилинган, дея хабар берди ЮНИСЕФнинг Тожикистондаги ваколатхонаси.

БМТнинг Болалар жамғармаси ва Тожикистон ҳукуматининг “Миграция таъсири остидаги болаларни ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида 3 минга яқин “кўринмас бола” аниқланган.

Меҳнат мигрантларининг фарзандлари кўп ҳолатларда қариндошлари ва танишларининг қарамоғида қолади. Шу билан бирга бу болаларнинг мавжудлигини айрим ҳолатларда давлат ҳатто билмайди ҳам: бу болаларнинг кўпчилигида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳам йўқ, улар ҳеч қаерга рўйхатга қўйилмаган, улардан айримлари таълим масканларига бормайди ва ижтимоий имтиёзлардан маҳрум қилинган.

Тожикистонинг айрим минтақаларида ҳаётга татбиқ этилаётган “Миграция таъсири остидаги болаларни ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида 9 ёшдан 18 ёшгача бўлган 2 минг нафар бола туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олди. Яна 300га яқин ўсмирга “метрика” топшириш кутилмоқда, дея хабар беради ЮНИСЕФ вакиллари Душанбеда бўлиб ўтган конференцияда.

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнамаси йўқ болаларнинг аниқ сони маълум эмас. Ҳукумат ўз вақтида туғилганлик борасидаги гувоҳнома олиш учун ФХДЁ идораларига мурожаат қилмаган ота-оналарни айбламоқда. Ота-оналар эса мамлакатда иш топа олмаганликлари боис йилар давомида ўзга юртларда сарсон-саргардон юришларини, айрим ҳолларда фарзандлари учун гувоҳнома олишни ёддан чиқариб қўйишларини айтишади.

Бундан аввалроқ ЮНИСЕФ томонидан ўтказилган тадқиқотда, мигрантларнинг фарзандлари ота-оналаридан айрилиқдан азият чекаётганини, оилада узоқ вақт отанинг йўқлиги боланинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши аниқланган эди. ЮНИСЕФ томонидан эълон қилинган Ҳисоботда таъкидланишича, кўплаб болалар ота-оналарининг миграцияси таъсири туфайли тушкунлик ва депрессияга тушиб қолади, бу айниқса қизларда яққол намоён бўлади.

XS
SM
MD
LG