Ссылки доступа

Қозоғистонда сиёсий партия тузган Мамайга қаршилик кўрсатишмоқда


Янги сиёсий партия ташкил қилиш режалари ҳақида гапирган фаол Жанболат Мамайнинг айтишича, «расмийлар унга ҳаммаслаклари билан учрашиш учун минтақаларга чиқишга рухсат бермаётган экан».

2017 йилда эркинлиги чекланиши борасида ҳукм қилинган Мамайнинг хабар қилишича, пробация хизмати унга Олмаота шаҳридан ташқарига чиқишни тақиқлаб қўйган. Бу ҳақда у 1 ноябрь куни Facebook' саҳифасидаги видеомулоқот вақтида айтди.

Мамайнинг таъкидлашича, 2 ноябрдан 8 ноябрга қадар Қозоғистон ғарбидаги минтақаларга боришни режалаштирган эди, аммо 1 ноябрь, жума куни Қорасой туман пробация хизмати «назорат чоралари кучайтирилганини маълум қилди ва шаҳардан чиқишни тақиқлади».

Фаолнинг сўзларига қараганда, партия тузиш режаси ҳақида гапирганидан сўнг пробация хизмати бир ойда беш марта регистрациядан ўтиб туришни юклаган, шунга қадар бир ойда бир марта регистрациядан ўтиш учун борарди. Мамай буларни фуқоролик фаоллиги билан боғламоқда. "Шунга қадар, менфильм олиш билан шуғулланардим ва ўз ишларимни қилардим, бирор бир муаммосиз регистрациядан ўтардим ва шаҳардан чиқардим. Ҳозир чиқаришмаяпти", - дейди Жанболат Мамай Азаттиқ радиосига.

Адвокат Жанара Балгабаеванинг таъкидлашича, суд айни дамда беркитилган «Саяси қалам. Трибуна» газетасининг бош муҳаррири Жанболат Мамайга журналистик фаолият билан шуғулланишни тақиқлаган. Адвокатнинг айтишича, агар бошқа минтақаларга борадиган бўлса Мамай пробация хизматини ўз режалари ҳақида огоҳлантириши ва маҳаллий пробация хизматидан рўйхатдан ўтиши керак бўади. "Шаҳардан чиқишда муаммо бўлиши керак эмас. У шунчаки сафар ҳақида пробация хизматини хабардор қилиши керак", - дейди адвокат.

Жанара Балгабаеванинг айтишича, пробация назоратида бўлган инсон қоидани бузгудек бўлса, у ҳолда пробация хизмати рўйхатга олиш муддатини мунтазам узайтириши мумкин. Унинг тахмин қилишича, бир ойда беш марта хизматга келиб туришни юклаш Мамайнинг сиёсий-жамоатчилик фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин.

31 ёшли Жанболат Мамай 2017 йил сентябрида уч йил озодликдан маҳрум қилиниши ва шундан сўнг уч йил журналистик фаолият билан шуғулланмасликка ҳукм қилинган эди. У сўнгги 10 йилда хорижда истиқомат қилувчи ва Қозоғистон ҳукуматини танқид қилиб келадиган собиқ банкир Мухтар Аблязов томонидан БТА Банкдан олиб чиқилган пулларни қонунийлаштиришда айбланади. Мамай бу айбловларни инкор қилади.

XS
SM
MD
LG