Ссылки доступа

Мирзиëев халқнинг ўз эҳтиëжи учун четдан олиб кирадиган молига яна бож солмоқчи. Лойиҳа кескин норозилик уйғотди


7 ноябрь куни «Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси муҳокамасига ажратилган муҳлат тугайди.

Муаллифи Давлат божхона қўмитаси бўлган бу қарор лойиҳаси 23 октябрь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида фақат бир тил – рус тилида эълон қилинган.

Президентнинг бу қарори ўзбекистонликларнинг яқин ва узоқ хориждан ўзи ва оиласи эҳтиëжи учун қилган хариди умум қиймати 300 доллардан ошса¸ 2020 йил 1 январидан бошлаб унга 50 фоизгача бож солишни назарда тутади.

Лойиҳа муҳокамасида фикр билдирган ўзбекистонликларнинг деярли ҳаммаси уни “халқнинг сабрини тўлдирадиган ҳаракат” сифатида баҳолаган.

Тадбиркор ва мулозимлар¸ бу лойиҳани жорий ҳукмрон элитанинг импорт устидан тўлиқ монополия ўрнатиш уриниши деб баҳолади.

Муҳокамага қўйилган президент қарори лойиҳаси қабул қилинган тақдирда¸ 1 январдан бошлаб ўзбекистонликларнинг яқин ëки узоқ хориждан ўзи ва оиласи учун олиб келадиган ҳар қандай совға-саломи¸ 300 доллардан ошган тақдирда¸ 50 фоизгача божга тортилади.

“Ҳозир Америкада яшаëтган қизимни кўришга келдим. Қизим ўзимга¸ Тошкентдаги ака-укалари¸ жиянларига кийим-кечак¸ оëқ кийим дегандек¸ совға олиб бераяпти. Янги йилдан кейин бир чемодан совға-салом билан қайтаман. Бу қарор кучга кирса¸ 300 доллардан ошганига солиқ тўлашим керакмиш. 300 доллардан ошиши аниқ. Бу қанақа қароқчилик? Каримов давридаям халқни бунчалик қийратишга боришмаганди. Ҳозирдан асабим бузилиб ўтирипман”¸ деб мурожаат қилди АҚШда меҳмонда юрган ўзбекистонликлардан бири.

Президент қарори лойиҳасида¸ яқин ëки узоқлиги¸ қандай транспорт воситаси орқали Ўзбекистонга киришидан қатъий назар¸ жисмоний шахсларнинг давлат чегарасидан ўтадиган ҳар қандай нотижорий (сотишга мўлжалланмаган - таҳр.)товаридан бож ундириш кўзда тутилган.

Бундан эса¸ Қирғизистон ëки Қозоғистон билан чегара-божхона ўтказиш пунктидан ўтиши¸ АҚШ¸ Германия ëки Япониядан самолëт орқали кириб келишидан қатъий назар¸ ўзбекистонликлар ўзи учун олган кийим-кечаги ва озиқ-овқати қиймати 300 доллардан ошса¸ бир хил бож тўлашга мажбур бўлиши англашилади.

Хориждан почта орқали юбориладиган жўнатмаларга ҳам қиймати 300 доллардан ошса¸ бож солинади

Президент имзоси учун ҳозирланган қарор лойиҳаси¸ нафақат хорижга чиққан ўзбекистонликлар ўзи билан олиб кирадиган харид¸ балки уларга четдан юбориладиган почта жўнатмаларидан ҳам¸ умум қиймати 300 доллардан ошса¸ 50 фоизгача бож ундиришни кўзда тутади.

Айни кунларда энг камтар ҳисоб-китобга кўра¸ 5 миллиондан ошиқ ўзбекистонлик Россия¸ Туркия¸ Жанубий Корея каби давлатларда ишлаб¸ топган пулига Ўзбекистондаги оиласини боқмоқда.

Меҳнат муҳожирлари¸ билет нархи қиммат бўлгани боис¸ ватанга бир йилда кўпи билан бир марта бориши¸ аммо ойига фарзандларига почта орқали кийим-кечак ва ширинлик юбориб туришишини айтади.

“Бу ерда кийим-кечак¸ шоколадлар¸ рўзғор буюмлари жуда арзон. Ҳар ой онамга ташлаб келган ўғлимга посилка жўнатиб келаëтгандим. Ҳозир ҳеч ким юк олмаяпти. Ҳали қарор кучга кирмай¸ Тошкентга борган жўнатмаларимизни бермай сарсон қиляпти. Менга ўхшаганлар пули кўпайганиданмас¸ ишсизлик ва қимматчиликдан қочиб¸ четда ишлаб юрган бўлсак¸ топганимизни бола-чақам деб юбориб турган бўлсак¸ энди шунга ҳам чанг солаяпти булар. Буни тўхтатдиган борми?”¸ дейди Туркияда ногиронларга қаровчилик қилаëтган ўзбекистонлик муҳожир аëл.

Шавкат Мирзиëев 2018 йил 6 февраль куни имзолаган 3512-сон қарор билан жисмоний шахсларга ҳар кварталда бир марта юбориладиган 1000 долларгача қийматдаги почта жўнатмаларини бождан озод қилган эди.

Ўтган йил ëзида эса Вазирлар Маҳкамаси 1000 долларгача қийматдаги почта жўнатмаларини ҳар ойда бир марта божсиз юбориш ҳақида қарор чиқарган эди.

Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасини имзолаган тақдирда Мирзиëев¸ яна бир ўз қарорини бир йил ичида ўзи бекор қилган бўлади.

“Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” деб номланган қарор лойиҳаси муҳокамасига ажратилган муҳлат тугашига саноқли кун қолганига қарамай¸ regulation.gov.uz сайтида 4 ноябрга қадар унинг ўзбек тилидаги матни жамоатчиликка тақим қилинган эмас.

Қарор лойиҳаси муаллифлари маҳаллий матбуотга берган изоҳида унинг “жисмоний шахслар томонидан божхона постларидан нотижорат мақсадларда олиб келинаётган товарларнинг божхона расмийлаштиришни соддалаштириш мақсадида ишлаб чиқилган”ини иддао қилди.

Хусусан¸ Давлат божхона қўмитасида бошқарма бошлиғи ўринбосари Фарҳод Олимжонов бу лойиҳани божхона постларида ҳар бир фуқаро олиб кираëтган нотижорий (яъни сотиш учун мўлжалланмаган – таҳр.) юкни текширишга кетаëтган 30-40 дақиқалик вақтни тежаб¸ чегарадан ўтишни осонлаштирадиган ҳаракат сифатида тақдим этди.

Бу расмийга кўра¸ 1 январдан бошлаб яқин ва узоқ хориждан мамлакатга олиб кириладиган ҳар қандай нотижорий маҳсулотга харидор қўлидаги маҳсулот чеки ва квитанцияси асосида бож солинади.

“Ушбу квитанциялардаги қийматдан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун - 30 фоиз, лекин камида 1 кг учун 2 AҚШ доллари; ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун - 50 фоиз, лекин камида 1 кг учун 4 AҚШ доллари миқдорида ягона божхона тўловини ундириш назарда тутиляпти”¸ деди жумладан Олимжонов.

«Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасининг расмий сайтдаги муҳокамасида 4 ноябрга қадар билдирилган ўнлаб муносабатнинг ҳаммаси ўта салбий.

Бу лойиҳани “зинҳор” қабул қилмасликни талаб қилган муҳокама иштирокчилари уни “халқ устидан кулиш” ва “халқ сабр косасини тўлдириш” ва коррупция машинасини мойлаш уриниши сифатида баҳолаган.

Муҳокама қатнашчилари фикрича, лойиҳа қабул қилинган тақдирда у Ўзбекистонни дунëнинг энг қашшоқ ва қолоқ давлатлари - Ҳаити¸ Зимбабве ва Венесуэла сафига қўшади.

Аксар шарҳловчилар эса¸ қарор лойиҳасини Ислом Каримов даврида “ички истеъмол бозорини ҳимоялаш” иддаоси билан қабул қилинган 1118-сонли халқни қийратган қарорига қайтиш сифатида баҳолаган.

2009 йил 1 июнь куни Каримов имзолаган “«Жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» деб номланган қарор¸ 2 июндан бошлаб қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига бир йўла олиб кириладиган импорт истеъмол товарларининг бож тўловлари олинмайдиган умумий қийматини 10 АҚШ доллари қилиб белгилаган эди.

Бу қарор¸ кузатувчилар таъкидича¸ўзбекистонликларнинг истеъмол маҳсулотлари нархи бир неча баравар арзон бўлган қўшни давлатларга ўтиб харид қилишини тақиқлаган¸ чегарадаги контрабанда ва коррупцияни ниҳоятда кучайтириб юборган эди.

Каримов қарорини ўз вақтида шарҳлаган мутахассислар¸ унинг мамлакат импорт бозорини ўз назоратига олган биринчи оила монополиясини қонунийлаштирганини таъкидлаган эди.

2020 йилдан кучга кириши мумкин айни руҳдаги қарор ҳам¸ Озодлик гаплашган ҳукумат мулозимлари¸ қолаверса¸ йирик савдогарлар таъкидича¸ импорт бозорини назоратга олиш ҳаракатига киришган янги ҳукмрон элита манфаати учун ишлаб чиқилган.

XS
SM
MD
LG