Ссылки доступа

Мирзиёевнинг куëвлари қизил китобга кирган ноëб қушни овлаган валиаҳд шаҳзодага зиëфат берди


1 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг куёвлари - Ойбек Турсунов ва Отабек Умаров Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мактумга зиëфат берди. Олдинроқ 36 ёшли валиаҳд шаҳзода ўз лочинлари билан Навоий вилоятида йўрға тувалоқларни овлаган эди.

Валиаҳд шаҳзода Ўзбекистонга сафари акс этган видеолавҳани Твиттер саҳифасига жойлаштирди.

Овдан кейинги зиëфат расмларини эса Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров Instagram’даги ўз саҳифасида эълон қилди.

Instagram суратларида дубайлик олиймақом меҳмон, сафар давомида унга ҳамроҳлик қилганлар, президентнинг икки куёвини кўриш мумкин.

Халқаро қизил китобга киритилган йўрға тувалоқларни ов қилган шайхнинг ўнлаб лочинлари Ўзбекистон ҳаво йўллари учоғининг бизнес салонида Тошкентдан қайтиб кетаëтгани видеоси 1 ноябрь куни тармоқларда баҳсларни уйғотди.

Табиатни муҳофаза қилиш халқаро уюшмаси Қизил китобига киритилган ноёб қушни Ўзбекистонда ов мавсумида донасига 6000 АҚШ доллари тўлаган ҳолда овлашга изн бор.

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг матбуот билан гаплашиш вазифа доирасига кирмагани учун исми очиқланишини истамаган мулозимига кўра, "араб шайхлари махсус рухсатнома билан ов қилганлар"

Айни пайтда шайхларнинг тувалоқларни овлаш учун пул тўлагани ҳақида қўмита мулозимида аниқ маълумот йўқ.

Чехиялик таржимон ва хайвонсевар Петр Кубалекнинг айтишича¸ тувалоқ Чехия ва Словакияда ҳам бор:

- Аммо бу тувалоқлар давлатнинг қаттиқ ҳимоясига олинган. Бирор араб шайхи миллион доллар тўласа ҳам, Чехия ва Словакияда битта тувалоқни отишга изн берилмайди. Кимдир отса қамоққа олинади. Аммо Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатларда пул эвазига ноëб ҳайвонларни овлашга изн берилганини биламан. Бу салбий холат бундан олдин Африка қитъасида бор эди. Шу боис кўпгина ноëб ҳайвонлар қирилиб кетган¸ деди Петр Кубалек.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимларига кўра¸ ов мавсуми 25 сентябрда бошланган ва йил охирига қадар давом этади.

Октябрь ойида Қозоғистон ҳукумати уч нафар Бирлашган Араб Амирликлари ва бир нафар қатарлик шайхлар учун 131 тувалоқни овлашга рухсат берганди. Араб шайхлари ўз лочинлари ёрдамида 131 тувалоқни овлаш эвазида 82 миллион тенге яъни 225 минг доллар тўлаганлар.

XS
SM
MD
LG