Ссылки доступа

Қозоғистонда ЙТҲ оқибатида 11 киши ўлгани боис автобус ҳайдовчиси қамоққа ҳукм қилинди


Жамбил вилоят суди шу йилнинг апрель ойида автобус иштирокида юз берган йўл транспорт ҳодисаси иши бўйича ҳукм чиқарди. Ўшанда 11 киши ҳалок бўлган ва ўнлаб жароҳат олганлар шифохонага ётқизилган эди.

Ҳодиса 20 апрель куни эрталаб Ғарбий Хитой – Ғарбий Европа трассасининг участкасида юз берди. Енгил автомобиль юк машинаси билан тўқнашиб кетди. Қарши томондан келаётган автобус, суд материалларига кўра, транспорт воситалари билан тўқнашиб кетишнинг олдини олишга ҳаракат қилди, аммо ағдарилиб кетди.

ИИВ маълумотига кўра, мазкур ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар орасида Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқаролари бор эди. 32 киши тиббиёт муассасаларига олиб борилди. Суд материалларига кўра, икки киши оғир тан жароҳати олди, саккиз киши ўрта оғирликдаги тан жароҳати олди.

Кордай туман суди, Т. исмли фуқарони эҳтиётсизлик оқибатида икки кишидан ортиқ фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларини бузганликда айбдор деб топди, дея хабар берди суд матбуот хизмати. Суд уни беш йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди, у етти йил муддатга транспорт воситасини бошқаришдан маҳрум қилинди.

Матбуот хизматининг хабар қилишича, суд судланувчининг пушаймонлигини, унга берилган ижобий характеристика, унинг аввал судланмаганлиги ва унинг ҳаракатида оғир оқибатларга олиб келувчи ҳолатлар йўқлигини эътиборга олган ҳолда Жиноий кодексининг 345-моддаси 4-қисми бўйича кўзда тутилган минимал жазо муддатини белгилади. Шунингдек суд айбланувчидан жабрдийдалар фойдасига 37 875 тенге (97 доллар) миқдорида жарима тўлаши борасида ҳукм чиқарди. Суд ҳукми қонуний кучга кирмади.

Европа Иттифоқи статистика хизмати (Евростат) маълумотларига қараганда, Қозоғистон йўл транспорт ҳодисалари сони бўйича биринчи бешталикка киради. Ҳодисаларнинг юқори даражаси йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик ва йўлларнинг талабга жавоб бермаслиги билан изоҳланади.

XS
SM
MD
LG