Ссылки доступа

Туркманистонда банкоматлар бўм-бўш, одамлар соатлаб навбатда турибди


Туркманистон банкоматларида яна нақд пул йўқ. Айни дамда Мари ва Лебап вилоятларининг аҳолиси пластик карталарга ўтказилган пулларини нақдлаштира олмаяпти.

"Марида пенсия ва ногиронлик нафақалари аллақачон картларга ўтказилган, аммо банкоматлар бўм-бўш, нақд пул йўқ. Туман банкоматларида пул умуман йўқ, ўз пулларини олмоқчи бўлган пенсионерлар шаҳардаги барча банкоматларни кезиб чиқмоқда", - дея 4 ноябрь куни хабар берди Маридаги Азатлық мухбири. Аммо, унинг сўзларига қараганда, банкоматларга бориш ва у ерда навбатга туришлар балансда қанча пул борлигини билиш билан чекланиб қолмоқда, холос.​

"Масалан, бугун “Белент” савдо маркази олдидаги "Туркманистан" банкининг банкомати олдида 40 га яқин киши навбатда турди. Бироқ банкоматда пул йўқ эди. Навбатда турган одамлар унга карточкаларни тиқиб ўз балансларида қанча пул қолганини билишмоқда, сўнг ундан оз бўлсада, масалан 20 манат ечишга уриниб кўришди, бироқ банкомат мутлақо пул бермади", -дея 4 ноябрь куни минтақадаги Азатлық мухбири хабар берди.

"Кўча совуқ, набираларим мактабга қишки кийимсиз бормоқда, совуқда қолишган. Мен уларга пенсия пулимга этик сотиб олиб бермоқчи эдим", - дейди Азатлық мухбирига банкомат олдида турган аёллардан бири.

Маридаги банкоматлар олдида полиция ходимлари навбатчилик қилмоқда. Пул етишмовчилиги Туркманистоннинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилмоқда. 4 ноябрь куни Азатлықнинг Лебап вилоятидаги мухбирининг хабар қилишича, "Дайхан" ва "Халк" банкларининг маҳаллий бўлимлари вакиллари банкоматларда пул йўқлигини пахта йиғим-терими мавсуми ва фермерларга тўловлар билан изоҳлашмоқда. Шу кунларда банкоматлар олдидаги навбатлар Дашўғизда ҳам кузатилмоқда.

Turkmen.news, мустақил нашрининг хабар қилишича, пул ечиш борасидаги кунлик лимит 800 манатни ташкил қилади, аммо бир марта бу суммада пул ечишнинг имкони йўқ, банкоматлар фақат майда купюраларни беради. Шу сабабли одамлар картларни қайтариб олишади ва 6-8 марталаб пул ечишади.

Шу йилнинг август ойида Туркманистон раҳбарияти банкоматларда пул етишмовчилиги билан боғлиқ муаммони тан олди. Давлат раҳбари баёнот бериб, банкоматларда нақд пул етишмовчилиги ҳукуматнинг молиявий сиёсатига боғлиқ эмас, балки техник характер касб этишини айтар экан, барча маъсулиятни амалдорлар зиммасига юклади.

XS
SM
MD
LG