Ссылки доступа

Тожикистонлик 70 га яқин маҳбус Мордова колониясида очлик эълон қилди


Мордованинг Сосновка посёлкасидаги 7 рақамли колонияда жазо ўтаётган асли Тожикистондан бўлган 70 га яқин маҳбус қамоқхона муассасаси ходимлари томонидан таҳқирланганликлари учун очлик эълон қилишган. Бу ҳақда "Ахбор" портали маҳкумларнинг қариндошларига таяниб хабар беради.

Қариндошларнинг сўзларига кўра, Сергей Сергушкин шу йилнинг февралида бошлиқ этиб тайинланганидан кейин колониядаги режим кучайтирилди. Уларга кўра, охирги пайтларда маҳбуслар устидан таҳқирлаш ҳолатлари тизимли хусусият касб этган.

Масалан, маҳбусларни арзимаган сабаб билан жарима изоляторларига ташлашаяпти, назоратчилар уларни масхаралаяпти. "Кимдир уларнинг барча жойнамозларини ҳожатхонага ташлаб юборган борган ва бу норозиликка олиб келган ҳолатлар ҳам бўлди", – дейди нашрнинг суҳбатдошларидан бири.

Бу сўнгги 5 ойдан бери маҳбуслар очлик қилган иккинчи ҳодиса. Шу йилнинг июнида 7 сонли аҳлоқ тузатиш колониясида маҳбусларнинг норозилик акцияси бўлиб ўтган, 60 га яқин киши очлик эълон қилиб, ўзларига куйгу жароҳатини етказишганди. Улар қийноқлар ҳақида гапириб, Сергушкин устидан шикоят қилишганди. "Кишан солишлари ва уларни таёқ билан уришлари мумкин. Кишанни қўлни орқага ўтказиб тақишлари ва оломон бўлиб уришлари мумкин. Бошга деярли уришмайди. Асосан буйракка, қисман товонга уришади", – деб гапиради маҳбуслардан бири “Новая газета”га.

XS
SM
MD
LG