Ссылки доступа

Душанбе: чегара заставасига ҳужумда 17 киши ўлдирилди


Тожикистонда тожик-ўзбек чегарасининг чегара заставасида тожик чегарачиси, милиция ходими, шунингдек, “ниқобли қуролланган номаълум” ҳужумчи ҳалок бўлди, деб хабар беради расмийлар.

Чегара заставаси Ўзбекистон билан чегарага яқин, Душанбедан 60 чақирим ғарброқдаги Рудакий тумани ҳудудида жойлашган. Умумий ҳисобда чегара постига 20 киши ҳужум қилган. Бу 6 ноябрь куни маҳаллий вақт билан тунги соат учларда юз берган.

Ҳужум чоғида номаълум кимсалар беш дона Калашников атоматларига эга бўлишган, дея баёнот берди Тожикистон миллий хавфсизлик Давлат қўмитаси. Тожикистон ИИВнинг хабар беришича, операция чоғида мазкур гуруҳнинг тўртта автомашинаси йўқ қилинган. «Куч ишлатар тизимларнинг операцияси чоғида қуршовга тушиб қолган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси маҳв этилган, беш нафари қўлга олинган», – дея хабар беради Тожикистон чегара хизмати.

Озодлик радиосининг тожик хизмати мухбирларини воқеа жойига қўйишмаган. Мазкур тумандаги йўллар беркитилган, мамлакатнинг бошқа минтақалари ва пойтахтда қуролли постлар қўйилган.

Расмийлар ҳужумчиларнинг шахси ҳақида маълумот тақдим этишмаган. Шунингдек, икки қурбон – милиция ходими ва чегарачининг исму шарифлари ҳам эълон қилинмаган. Фақат ҳозирги вақтда ушбу ҳодиса юзасидан тергов олиб борилаётгани хабар қилинмоқда.

Мазкур воқеадан кейин Душанбе ва унга туташ туманларда мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилди. Пойтахтнинг асосий жамоат жойлари куч ишлатар ходимларнинг кучайтирилган тартибдаги назоратига олинди, постларда ойнаси қорайтирилган автомашиналар синчковлик билан текширилмоқда.

Ҳужум Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва мамлакатнинг 20 га яқин вазирлари расмий ташриф билан Европада бўлиб турган бир пайтда юз берди. Ташриф 12 ноябрь куни якунланади.

XS
SM
MD
LG