Ссылки доступа

Ўзбекистон мамлакатда бўлиш қоидаларини бузган хорижликларга белгиланган жарималар миқдорини 10 баробар қисқартирди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 ноябр куни мамлакат Жиноят Кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 224-моддаси (Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш) чиқариб ташланди.

Шу вақтга қадар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаши, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки турар жой танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаслиги, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаши, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш тартибига риоя қилмаслиги, агар шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланарди.

Эндиликда Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузган, биринчи навбатда рўйхатдан ўтмаган, рўйхати йўқхорижликлар, фуқароси бўлмаганларга белгиланган жарималар 10 баробар қисқартирилди, шунингдек, миграция қонунларини қайта бузганларга нисбатан жиноий жавобгарлик бекор қилинди. Янги қоидалар сайёҳлар билан бир қаторда, қариндошлариникига меҳмонга, ишлаш ва амалий иш билан келган қўшни мамлакат фуқароларига ҳам тааллуқли бўлади.

Қайд қилинган қоидаларни бузган хорижликлар авваллари энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 100 баробаригача жарима тўлаши керак бўларди, бу ҳозир $67 ни ташкил қиларди. Энди эса жарималар ўн баробар камайтирилди ва энг кам иш ҳақининг 5 баробаридан 10 баробарни ташкил қилади.

Авваллари Ўзбекистонда хорижликларни регистрациядан ўтказиш қоидалари Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги энг мураккаби эди. Хорижлик, жумладан турист мамлакатга келиши билан уч кун мобайнида маҳаллий милицияда рўйхатдан ўтиши керак бўларди. Шу билан бирга меҳмонларнинг Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг манзилида, ҳатто яқин қариндош бўлишларига қарамай, рўйхатдан ўтиши тақиқланган эди. Ўтган йилнинг ёзида мамлакатга бир ой муддатга келувчи хорижликларнинг регистрация қилиниши билан боғлиқ қоидалар енгиллаштирилди, улар Emehmon тизими орқали электрон каналар билан рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлди.

Бироқ, узоқ муддат мамлакатда яшаш учун хорижликлардан жуда кўп ҳужжатлар талаб қилинарди. Жумладан турар-жой эгасининг аризаси, турар-жойлар ҳужжатларининг асли; никоҳ, бола туғилгани, қариндошларининг ўлими тўғрисидаги ҳужжатларнинг асли, шунингдек, тегишли давлат идорасининг илтимосномаси тақдим қилинарди.

XS
SM
MD
LG