Ссылки доступа

Тожикистон расмийлари: чегара заставасига ҳужумга “Ислом давлати” алоқадор


Фото с места происшествия с сайта МВД РТ

Тожик расмийлари Рудакий туманидаги «Ишкобод» чегара заставасига қуролли ҳужумга “Ислом давлати” террорчи гуруҳи алоқадор эканлигини хабар қилди.

Ҳужум натижасида чегарачи ва милиция ходими ҳалок бўлди, 15 жангари ўлдирилди, яна 5 нафари қўлга олинди. ИД ҳозирча ушбу тунги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмади.

Тожикистон МХДҚ чегара қўшинларининг Бош бошқармаси биринчи расмий хабардан бир неча соат ўтиб, тергов ҳаракатлари ва қўлга олинганлар сўроқ қилингани жараёнида қуролли террорчи гуруҳ 2019 йилнинг 3 ноябрида куннинг қоронғи вақтидан фойдаланиб, Афғонистоннинг Қалъаи Зол провинциясида махсус топшириққа кўра давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Хатлон вилоятининг Кубодиён тумани ҳудудига ўтганлигини маълум қилди.

«Гуруҳ ўзи учун қулай позиция сифатида «Ишкобод» чегара заставасини танлади ва 6 ноябрга ўтар кечаси қуролли отишмага киришди. Ҳужум қилганларнинг бари “Ислом давлати” деб аталмиш террорчилик гуруҳининг аъзоси ҳисобланади», - дейилади чегара қўшинлари хабарида.

6 ноябрга ўтар кечаси, соат 03:23 да, ниқобли 20 киши атрофидаги номаълум қуролли гуруҳ Рудакий туманидаги “Султонобод” чегара отрядининг 4 рақамли «Ишкобод» ҳарбий қисми чегара заставасига ҳужум қилди.

Тожикистон Республикаси МХДҚнинг чегара қўшинлари Бош бошқармаси маълумотига кўра, заставага ҳужум чоғида номаълум кишилар 5 дона Калашников автоматларини қўлга киритишган. «Куч ишлатар тизимларнинг операцияси натижасида қуршовда қолган жиноий гуруҳнинг 15 аъзоси йўқ қилинган, 5 нафари ушланган. Чегарачи ва милиция ходими ҳалок бўлишди», - деб хабар беради чегара хизмати. Тожикистон ИИВ хабарига кўра, операция давомида гуруҳнинг 4 та автомашинаси йўқ қилинган.

Расмийлар ҳамон ҳужумчиларнинг шахси ҳақида ахборотни тақдим этмади. Яна икки нафар қурбон – милиция ходими ва чегарачининг номларини эълон қилмади. Қайд этилишича, ҳозирги вақтда ҳодиса жойида тезкор-тергов гуруҳи тузилган ва тергов давом этмоқда.

Ҳозирги вақтда ҳодиса юз берган Рудакий тумани Ляур тумани жамоатига олиб борувчи йўллар қисман тўсилган. Йўл чеккасида қуролланган куч ишлатар кишилар туриб олган ва транспорт воситасини ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатни синчиклаб кўздан кечиргачгина машиналарни қўйиб юбормоқда. Шунингдек, Душанбе-Бохтар авто йўли бўйлаб ҳарбий транспорт ҳаракати кузатилган.

Ушбу ҳодисадан кейин Душанбе ва унга туташ туманларда мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилди. Пойтахтнинг асосий жамоат жойлари куч ишлатар тизимларнинг кучайтирилган назорати остига олинди, постларда ойнаси қорайтирилган автомашиналар диққат билан текширилмоқда.

Айни пайтда, РИА Новостининг Ўзбекистон чегара идорасига таяниб хабар беришича, ўзбек томони бу масалада тожик ҳамкасблари билан алоқада қолмоқда. "Биз ҳодиса ҳақида биламиз, ҳозирги вақтда вазиятни ўрганаяпмиз", - деди Ўзбекистон чегарачилар вакили.

Ҳодиса Тожикистон Конституцияси кунида, мамлакат президенти Эмомали Раҳмон расмий ташриф билан Европада бўлиб турган пайтда юз берди.

XS
SM
MD
LG