Ссылки доступа

Минск Душанбега мухолифат фаоли Одинаевни беришдан бош тортди


Беларус расмийлари мухолиф фаоли ва журналист, фаолияти тақиқланган ташкилотда иштирок этиш ва экстремизмни қўллаб-қувватлаш гумони билан қидирилаётган Фарҳод Одинаевни Тожикистонга топширмасликка қарор қилишди.

Беларусь ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти - Human Constantaнинг 5 ноябрь куни баёнот беришича, бош прокуратура тожик расмийларининг 42 ёшли Одинаевни экстрадиция қилиш тўғрисидаги илтимосини рад этди. Human Constanta ташкилотидан Наста Лойканинг хабар беришича, Одинаевни афтидан у Беларусга кириб келган Россияга жўнатиб юборишади.

Беларусь муҳожирлик расмийлари Одинаевни Тожикистон сўровига кўра, 25 сентябрь куни у инсон ҳуқуқлари бўйича конференцияда қатнашиш учун Польша пойтахти Варшавага кетаётган пайтда қўлга олишган.

Октябрь ойида Human Constanta баёнот бериб, Одинаев Тожикистонга топширилган тақдирда унга қийноқ ва шафқатсиз муомала хавф солиб турганини маълум қилганди. Россия ва Тожикистон фуқароси Одинаев илгари мамлакатда фаолияти тақиқланган Тожикистон ислом уйғониш партиясининг аъзоси бўлган, 2013 йилда бир неча ой мобайнида Москвада жойлашган Safo TV мухолифат телеканалини бошқарган (Россия расмийлари канални айни 2013 йилда ёпишган).

Узоқ вақт нуфузли ташкилот ҳисобланган, унинг вакиллари Тожикистон ҳукумати ва парламентда ишлаган ислом уйғониш партияси фаолияти 2015 йилда тақиқланган ҳамда экстремистик ва террористик деб аталган. Партия ва ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари тақиқни нохолис ва сиёсий уйдирма деб ҳисоблайди. ТИУПнинг ўнлаб мансабдорлари ва тарафдорлари жавобгарликка тортилган, уларнинг кўпчилиги турмаларга ташланган. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар Тожикистон расмийларини ТИУП сафида бўлган одамларнинг таъқиб этишини танқид қилган.

Расмий Минскка Одинаевни Тожикистонга топширмаслик чақириғи билан олдинроқ 11 та халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мурожаат қилган.

XS
SM
MD
LG