Ссылки доступа

Ҳукумат босими остида бўлган журналист Давлат Назар машина уриши оқибатида ҳалок бўлди


Хоразмдаги оғриқли мавзуларни ёритиб келган журналист Давлатназар Рўзметов (Давлат Назар) 6 ноябрь оқшомида машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Бош прокуратура журналист Рўзметовни йўлни кесиб ўтаётганида "Газель" машинаси уриб юборгани ҳақида ёзди.

48 яшар Давлат Назар кейинги икки йил ичида танқидий қарашлари сабаб бир неча бор ҳибсга олинган.

Давлат Назар кейинги пайтда мунтазам кузатувда экани ҳақида айтганди.

Танқидий мақолалари ва мухолиф қарашлари билан танилган, кейинги икки йил давомида бир неча бор ҳибсга олинган журналист Давлат Назар 6 ноябрь куни ярим тунда машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди.

Журналист яқинларига кўра, Давлат Назарнинг жанозаси у истиқомат қилган Қўшкўпир туманида 7 ноябрь куни ўқилган ва у Ҳазрати Эшон бува қабристонига дафн қилинган.

Давлат Назар таксидан қаерда тушгани ва ярим тунда пиёда магистрал йўлда нима қилиб юргани ҳақидаги саволлар ҳозирча жавобсиз қолаяпти.

Сўнгги маълумотга кўра, такси ҳайдовчиси сўроққа чақирилган, журналистни босиб ўлдирган ҳайдовчи эса ҳибсга олинган.

Давлат Назар Хоразмда ўзига бўлаётган босимлар сабаб Тошкентда вақтинча яшашга қарор қилгани ҳақида гапирганди. Маълум бўлишича, у бир ҳафта аввал Хоразмга қайтган.

Қўшкўпирдан олинган маълумотга кўра, “Урганч-Хива” йўлининг 4-километридаги Давлат Назар автоҳалокатга учрагани айтилаётган жой тозалаб қўйилган.

"Бу ерда умуман авария бўлмагандай. Ҳаммаёқни ювиб қўйишибди", деди воқеа жойида бўлган қўшкўпирлик 7 ноябрь куни туш пайти.

Давлат Назарнинг Фейсбукдаги саҳифасига сўнгги икки кун ичида (тег қилиб) ёзилган постларнинг аксарида журналист ўлими шубҳа остига олинган:

"Журналист ўлими ҳеч қачон оддий ўлим бўлмайди. Давлат Назардек қалами ўткир журналистнинг ўлими – инчинун. Ушбу ҳодиса юзасидан шаффоф текширув ва батафсил ахборот кутиб қоламиз", дея ёзди, жумладан, блогер Шаҳноза Соатова.

Ўзбекистон Бош прокуратураси журналист Давлат Назар "автоҳалокат қурбони бўлгани" ҳақида зудлик билан расмий маълумот эълон қилди:

"2019 йил 06 ноябрь куни соат 23:55 ларда фуқаро С.У. ўзи ишлаб келаётган корхонасига тегишли бўлган “Газель” русумли автомашинани “Урганч-Хива” йўлининг 4-километрида бошқариб бораётганида, йўлни кесиб ўтаётган “Жамият” газетаси мухбири Давлатназар Рўзметовни уриб юборган.

Натижада Д.Рўзметов бош қисмидан жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этган".

Бош прокуратура маълумотига кўра, журналист ўлими бўйича Урганч тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат Назар тахаллуси билан ижод қилган қўшкўпирлик 48 яшар Давлатназар Рўзметов олдин “Ёшлар овози” газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири бўлган.Кейинчалик у “Хоразм ёшлари” газетасида фаолият юритди.

Сўнгги пайтда у "Жамият" ижтимоий-сиёсий газетаси​ мухбири сифатида фаолият юритган.

У ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга фаол фикр билдириши билан ҳам машҳур эди.

Давлат Назар танқидий мақолалари ва мухолиф қарашлари сабаб кейинги икки йил ичида бир неча бор қамоққа ташланди.

Қўшкўпир туман ҳокимлигининг пахта бўйича йиғилишини видеотасвирга олаётган пайтда олиб кетилган Давлат Назарни суд майда безориликда айблаб, 7 суткага қамади.

Ўша пайтда журналист Давлат Назар милиция ходимлари уни калтаклаб, мажбуран иқрорнома ёздириб олишгани ҳақида гапирганди.

XS
SM
MD
LG