«Мен қизимни тўрт йил-у олти ойдан бери кўрмадим. Унинг ҳозир фарзанди бор. Ҳозир уларга жуда ҳам қийин. Биз у билан телефон орқали мулоқот қилиб турибмиз, у фақат йиғлайди. Қизим ҳозир 20 ёшда, у кетганида 17 ёшга ҳам тўлмаган эди. Ҳурматли президент, илтимос ёрдам беринг», – дейди қизи 2015 йилда Сурияга кетган Чуй вилоятида яшовчи Гуль Шарипова.
Иссиқ-кўл вилоятида яшовчи Чолпон исмли аёлнинг айтишича, қизи эрининг ортидан 2014 йилда Сурияга кетган. «Ҳар куни йиғлайди. Қайта олмаяпти. “она, бизларни алдашди”, дейди. Бор умидимиз сиздан, уларни қайтаришга ёрдам беришингизга ишонамиз. Улар чодирларда яшамоқда, болалари тез-тез касал бўлмоқда, бирор бир ёрдам йўқ, ейишга овқат йўқ, дори-дармонлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади», – дейди она.
«Набираларим бомбалаш ва очликдан бошқа ҳеч нарсани кўришмади. Улар айбдор эмас – ахир улар ёш бола-ку», – дея Азатиқ радиоси иҳтибос келтиради Чуй вилоятида яшовчи Луиза Магомаеванинг сўзларидан.
Октябрь ойида Қирғизистон Миллий хавфсизлик Давлат қўмитаси баёнот бериб, Сурия худудларидаги лагерларда 500га яқин қирғизистонлик борлигини маълум қилган эди. Қирғизистон расмийларининг баёнотига кўра, Сурия ҳудудларидаги қочқинлар лагерларида бўлиб турган қирғизистонликлар билан учрашиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан музокоралар олиб борилмоқда. Хукумат Сурия ва Ироқдан қирғизистонликларни қайтариши мақсадида ишчи гуруҳи ташкил қилинганлигини маълум қилиди.
Расмий маълумотларга кўра, 2013–2014 йилларда Сурия ва Ироқдаги қуролли бирлашмаларга 800 га яқин қирғизистонлик бориб қўшилган, уларнинг тахминан 150 нафарини аёллар ташкил қилади.