Даъво аризасини 2018 йилнинг ёзида Нью-Йорк Бош прокуратураси киритди. Унда айтилишича, Трамп ва унинг уч нафар фарзанди сайлов кампаниясини молиялаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузишган. Фонд ёрдамида йиғилган 3 миллион доллар кейинчалик Трампнинг 2016 йилдаги президентлик кампаниясида ишлатилган, дейилади даъво аризада. Бундан ташқари, прокуратура версиясига кўра, Трамп пулнинг бир қисмини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Трамп шахсан ўзи фонд маблағларини совуриб юбориш ҳақида қарор қабул қилганини тан олди. Президент ва Нью-Йорк бош прокурори офиси давлат раҳбари томонидан тўланадиган жарима миқдори ҳақидаги қарорни судья ихтиёрига қўйиб бериш борасида келишиб олишган.
Ўтган ой Трамп юристлари ва Нью-Йорк бош прокуратураси фондни тарқатиб юбориш ва Trump Foundation ҳисоб рақамида қолган маблағларни (бир ярим миллион доллардан кўпроқ) бошқа нотижорат ташкилотларга тақсимлаб бериш ҳақидаги келишувга эришдилар.
Трамп тўлаб берадиган жарима ва Trump Foundation нинг қолган маблағлари саккизта нотижорат ташкилотлари, жумладан, муҳтожларга бепул овқат тарқатадиган ва афроамерикаликларни ўқитишни молиялайдиган, шунингдек, Холокост қурбонлари хотираси музейи каби фондлар ўртасида бир хил миқдорда тақсимланади.