Тожикистон президенти 7 ноябрь куни кечқурун Парижга етиб келди ва унинг шарафига MEDEF француз тадбиркорлари ташкилотининг “Франция-Тожикистон” ҳамкорлик кенгаши томонидан уюштирилган ёпиқ зиёфатда иштирок этди. 8 ноябрь куни унинг Франция президенти Эммануэл Макрон билан ишчи нонуштаси режалаштирилган. Бу ҳақдаги хабар француз патронати иттифоқининг сайтида чоп этилган. 12 ноябр куни Эмомали Раҳмонни 11 дан 13 ноябргача Парижда бўлиб ўтадиган Тинчлик форумида кутишмоқда. Тожик мухолифати тарафдорлари Эмомали Раҳмоннинг Францияга расмий ташрифи муносабати билан норозилик митингини ўтказишга таёргарлик кўрмоқда.
«Хьюман Райтс Вотч» Раҳмоннинг Парижга ташрифи арафасида Макронга мактуб йўллади, унда иши БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси томонидан ўрганилган тожик адвокати Бузургмеҳр Ёров ва бошқа ҳисбдаги сиёсий маҳбусларни озод қилишини сўраб ўз меҳмонига босим кўрсатишга чақирди. Макрон Раҳмондан Тожикистон ташқарисидаги мухолифатчиларни таъқиб этишга чек қўйишни ва колониялардаги кўп сонли ғалати ўлим фактларини текширишни талаб қилиши керак, дейди «Хьюман Райтс Вотч» вакили Филипп Дам.
Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон ёз фаслида Бузургмеҳр Ёров ишида “сиёсий моҳият” йўқлигини айтди. «У аниқ жиноятларни содир этгани учун қамалган, жумладан, унинг ишида фирибгарликнинг 19 та эпизоди бор. Ёровда сиёсий кайфиятлар эҳтимол, қамоқда пайдо бўлгандир», — дея қўшимча қилганди Юсуф Раҳмон.
«Хьюман Райтс Вотч» маълумотига кўра, ислом партияси Тожикистонда террорчилик ташкилоти деб эълон қилинган 2015 йилдан бери 150 дан ортиқ киши, шу жумладан, фуқаровий фаоллар ва журналистлар сиёсий уйдирмалар бўйича ҳибсга олинган. Тожик адвокати Бузургмеҳр Ёров 2015 йилнинг сентябрида қамоққа олинган ва сиёсий мухолифат етакчиларини ҳимоясига олгани учун 28 йилга озодликдан маҳрум қилинган, бу эса ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, президент Раҳмоннинг ўз сиёсий мухолифлари овозини ўчиришга қаратилган уринишининг ёрқин далилидир. Кўплаб мухолифатчилар Тожикистонни тарк этишга мажбур бўлди. «Хьюман Райтс Вотч»нинг қайд қилишича, фикрни билдириш, ассоциациялар, йиғилишлар ва диний эркинликларнинг бостирилиши ўзгача фикрлашнинг ҳар қандай кўринишларига, ҳатто ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига тарқалди, улар давлат сиёсатини мўътадил танқид қилганлари учун ҳам қамоқ муддатларини олишди.
Раҳмоннинг Францияга ташрифи арафасида «Чегара билмас мухбирлар» Европа Иттифоқи мамлакатлари раҳбарларини тожик етакчиси билан Тожикистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишга чақирди. Макрон ва Раҳмон учрашуви бу масалани муҳокама қилиш учун яхшигина сабаб, деб ҳисоблайди ҳуқуқ ҳимоячилари. 2016 йилдан бери камида 20 нафар журналист ва блогерлар Тожикистонни тарк этиб, АҚШ ва Европадан бошпана сўрашди, дейилади “Чегара билмас мухбирлар” номасида.
«Эмомали Раҳмоннинг Париж Тинчлик форумида қатнашиши кутилмоқда. Биз Европа мамлакатлари раҳбарларини ҳамкорликни чуқурлаштириш учун шарт сифатида Тожикистон расмийларидан сўз эркинлигини таъминлашни талаб қилишга чақирамиз», - дейилади баёнотда.
"Чегара билмас мухбирлар" жаҳонда сўз эркинлигини бузиш ҳақидаги йиллик ҳисоботида (2019 World Press Freedom Index)) Тожикистонни 161-ўринга қўйишди. Мамлакат ташкилот рейтингида 12 зина пастлади – 2018 йилда Тожикистон 180 мамлакат орасида 149-ўринда жойлашган эди. “Чегара билмас мухбирлар” Тожикистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни “мураккаб” деб атади, шу муносабат билан мамлакат қизил рангда ажратиб кўрсатилди.
«Чегара билмас мухбирлар» Тожикистонни кўплаб мустақил ОАВНи босим ва цензура туфайли ишини тўхтатишга мажбур бўлгани, қатор журналистлар мамлакатни тарк этгани, қолганлари ҳам мураккаб шароитларда ишлашга тўғри келаётгани учун танқид қилишди. Ҳуқуқ ҳимоячилари шунингдек, “ОАВ вакилларини ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик ва ўзини цензура қилишга мажбур қилаётган расмийларнинг таъқиби ва шантажи давом этаётгани”ни ҳам қайд этишди.