Ссылки доступа

Россия Алишер Усмоновга туҳмат қилишда айбланаётган журналистни халқаро қидирувга беради


Россиялик терговчилар Интерполга “Росбалт” нашри журналисти Александр Шваревни қидирувга бериш ва ҳибсга олиш ҳақида ҳужжатлар тайёрлашди. Журналист туҳмат қилиш ва тамагирликда айбланмоқда. Бу ҳақда адвокатларга таянган ҳолда Россия ОАВлари хабар қилди.

Таъкидланишича, айни вақтда Шварев Латвия пойтахти Ригада даволанмоқда.

“Айни вақтда терговчи томонидан Шваревни халқаро, жумладан Латвия ҳудудида қидирувга бериш ва уни ҳибсга олиш бўйича чоралар кўриш қарори чиқарилган. Яқин орада ҳужжатлар Интерполга жўнатилади”, деб маълум қилган манба.

Унинг таъкидлашича, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари шунингдек латвиялик ҳамкасбларига журналистни ҳибсга олиш ва уни Россияга экстрадиция қилиш ҳақида сўров юборишни режалаштирмоқда.

Бундан аввалроқ полиция Шваревга россиялик миллиардер Алишер Усмоновга туҳмат қилиш ҳамда қозоғистонлик тадбиркор, “Fincraft Resources” холдинги директорлар кенгаши раиси Кенес Ракишевдан 3 млн рублдан кўпроқ (50 минг доллар) пул талаб қилиш айбловларини қўйган. Биринчи айблов бўйича журналистга 5 млн рубллик жарима солиниши ёки 480 соатгача мажбурий ишлар белгиланиши, иккинчи айблов бўйича эса 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Шваревнинг адвокати айбловни ясама деб ҳисоблашини, журналистнинг жиноий таъқиб қилинишини эса буюртма асосида амалга оширилаётганини айтган.

Унинг таъкидлашича, журналист ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмаяпти.

XS
SM
MD
LG