Ссылки доступа

Қозоғистоннинг Чимкентида тупроқ остида қолган ишчилар ҳалок бўлди


Чимкентда пойдевор қазиш вақтида тупроқ кўчкиси оқибатида икки ишчи ҳалок бўлди, дея хабар беради Азаттық мухбири. Фожеа Нурсат мавзесида 8 ноябрь куни юз берди.

Чимкент шаҳар давлат меҳнат инспекция бошқармаси бошлиғи Бауиржан Қалжановнинг айтишича, кўчки оқибатида хусусий қурилиш компаниясининг уч нафар ишчиси тупроқ остида қолди, икки нафари ҳодиса жойида вафот этди, учинчиси эса жароҳат олди. Жабрдийда шифохонага олиб борилди.

- Юз берган ҳодиса муносабати билан махсус комиссия тузилди. Маъсулияти чекланган жамият меҳнат қонунчилигига амал қилиши ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши билан боғлиқ масала ўрганилмоқда, - деди Қалжанов.

Чимкент полиция департаменти “Меҳнатни ҳимоя қилиш қоидалари бузилиши” моддаси бўйича суриштирув олиб бормоқда ва экспертиза белгилади.

Шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, компания Чимкентнинг маъмурий-бизнес маркази дея ҳисобланадиган янги мавзеда тўққиз қаватли уй қуриш билан шуғулланаётган эди. Минтақадаги аҳолиси зич жойлашган Чимкентда бир миллиондан ортиқ киши истиқомат қилади. 2018 йилнинг июнь ойида Чимкент республика аҳамиятига молик шаҳар мақомини олди. Минтақа маъмурий маркази қўшни Туркистон шаҳрига кўчирилди.

Қозоғистоннинг иш жойларида юз берадиган бахтсиз ҳодисалар сабаби сифатида ишларни қониқарсиз уюштирилиши ҳамда хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилмаслик кўрилади.

XS
SM
MD
LG