Ссылки доступа

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Халқаро арбитраж судининг Turkuaz бўйича чиқарган қарорини 90 фоизга рад этган


Vahid Gunesh
Vahid Gunesh

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Инвестицион низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (ICSID) қошидаги Арбитраж судининг туркиялик тадбиркор Воҳид Гунешга тегишли бўлган Güneş Tekstil ва бошқаларнинг даъвоси бўйича қарорини ўрганиб чиққан ва вазирлик даъво талабларининг 90 фоизини рад этган.

Туркиялик тадбиркор Воҳид Гунеш 16 ноябр куни Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Адлия вазирлигидан бу ҳақда расмий жавоб олмаганини айтди.

Кун.уз нашрининг Ўзбекистон Адлия вазирлигига таяниб хабар беришича, даъвогарларнинг 180 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маънавий зарар тўғрисида берган даъволари, шунингдек, даъвогарлар томонидан моддий зарар миқдорининг оширилган баҳоланиши - 66 миллион АҚШ долларидан кўпроқ - тўғрисидаги мурожаати тўлиқ рад этилган.

Нашрга кўра, суд даъвогарларнинг шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақидаги барча даъволарини кўриб чиқишни рад этган, шу сабабли, Воҳид Гунешнинг бу борадаги барча баёнотлари бир томонлама даъволар сифатида кўрилмоқда.

"Бундан ташқари, суд Ўзбекистон Республикасининг хорижий инвестициялар тўғрисидаги қонунига мувофиқ, Инвестицион низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказга Ўзбекистонга қарши даъво аризаси беришга ҳуқуқий асос йўқлигини тан олган", - дейилади Кун уз нашри хабарида.

Нашрга кўра, суд эълон қилинган йўқотишларнинг бошланғич миқдоридан атиги 10 фоизи ҳақида қарор чиқарган, бу фоизлар ва харажатларни ҳисобга олмаганда 26 миллион долларни ташкил этади.

Ўтган ой Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро марказ (International Centre for Settlement.of Investment Disputes -​ ICSID) Ўзбекистон ҳукумати Туркиядаги Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ширкатига 40 миллион АҚШ долларилик товон тўлаши лозимлиги ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро марказ қарорларини эълон қилиб борадиган GAR нашри хабарига кўра, бельгиялик ҳакам Ҳанс ван Хоутте раислигидаги маҳкама Ўзбекистонда мол-мулки мусодара қилинган турк ширкатининг даъво аризасини 7 йил давомида кўриб чиқиб, 4 октябрь куни сўнгги қарорини чиқарган.

Қарорда Ўзбекистон ҳукумати турк ширкатига тўлаши керак бўлган товон 40 миллион доллар қилиб белгиланган. Бу эса даъвогар талаб қилганидан анча кам.

АҚШдаги халқаро маҳкамага берилган ҳужжатларда Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ширкати Ўзбекистон ҳукумати айби билан 180 миллион долларлик зарар кўргани ҳақда арз қилганди.

Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd раҳбари Воҳид Гунеш ICSID қароридан рози эканини айтганди.

- Шариат кесган бармоқ оғримайди деганларидек, қарордан розимиз, адолат бу! 180 миллион доллар сўрагандик, маҳкама Ўзбекистон бизга 40 миллион доллар тўлаши керак, деб қарор берди ва шунга розимиз. Ўзбекистонда маънавий зарар ҳам кўрганмиз, тўққиз ярим ой давомида Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги МХХ тергов изоляторида сақланганимда кўрган қийноқларим юзасидан ҳам шикоят қилганман, лекин даъвонинг маънавий қисми эътиборга олинмаган афтидан, - деди Воҳид Гунеш.

Туркиялик тадбиркор Воҳид Гунеш етти йил мобайнида Ўзбекистонда тадбиркорлик қилганидан кейин 9 ой қамоқда сақланиб¸ 2011 мамлакатдан депортация қилинган эди.​

Гунеш билан бирга яна етти нафар туркиялик тадбиркор солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик¸ ҳамда “яширин иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшгани” учун Ўзбекистон суди томонидан айбдор деб топилган эди.

Воҳид Гунешнинг Ўзбекистонда "Туркуаз" номли йирик хорижий савдо тармоғига айланган ширкати иқтисодий ва сиёсий жиноятлар, жумладан солиқдан бўйин товлаш ва божхонага оид қонунчиликни бузганликда айбланиб, 2011 йилда ёпилганди.

Ўзбекистон ҳукуматига 700 минг АҚШ долларини тўлаганларидан сўнг, уларга жазо енгиллаштирилган ва мамлакатдан бадарға этилган.

XS
SM
MD
LG