Ссылки доступа

Тожикистон 1 млрд доллар миқдорида кредит жалб этишни режалаштирмоқда


Тожикистон ҳукумати келаси уч йил ичида қиймати 1 млрд долларга тенг ташқи кредитларни жалб этиш ниятида. Мамлакат ташқи қарзининг умумий суммаси 2,9 миллиардни ёки ялпи ички маҳсулотнинг 35,9 фоизини ташкил этади.

Агар ушбу суммани аҳоли жон бошига тақсимлаганда, ўртача киши бошига 318 доллардан қарздорлик тўғри келади.

Тожикистон ҳукумати янги “Тожикистон Республикасининг 2020-2022 йиллардаги давлат ташқи қарзлари дастури”ни маъқуллади. 18 ноябр куни нусхаси Озодлик радиосининг ихтиёрига келиб тушган ҳужжатга кўра, Тожикистон расмийлари 2020 йилда 220 миллион доллар, 2021 йилда 336 млн доллар, 2022 йилда 365.31 млн доллар ташқи кредитлар жалб этишга чоғланмоқда. Давлат ташқи қарзлари дастури президент Эмомали Раҳмон томонидан имзоланган.

Ҳужжатда Тожикистон кредит сўрамоқчи бўлаётган мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар кўрсатилмаган. Бир неча узоқ йиллар мобайнида Тожикистоннинг энг катта кредитори Хитой бўлиб қолмоқда. Иккинчи ярим йиллик бошида давлат инвестицион лойиҳаларини амалга ошириш учун Тожикистон томонидан жалб этилган Хитой кредитларининг умумий ҳажми 1 млрд. 525 миллион долларни ташкил этади. Хабар берилишича, Тожикистон мажбуриятларининг катта қисми – бу “боғланган” кредитлар бўйича давлат қарздорлигидир. Маблағлар, ҳукумат фикрича, инфратузилмавий лойиҳаларга, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга сарфланмоқда.

Кредит эвазига Тожикистон товарларни импорт қилишга, конлар устидан назоратни беришга, бошқа, кўпинча мамлакат учун номақбул келишувлар шартларини бажарига мажбур. ХХР кредитларининг кўпчилиги у ёки бу даражада тоғ-кон саноати билан боғлиқ.

Экспертларнинг таъкидлашича, стратегик муҳим тармоқларга тўғридан-тўғри сармоялар ҳажмининг ўсиб бориши Тожикистоннинг қудратли қўшнисидан қарамликка олиб келиши мумкин.

Бироқ Тожикистон молия вазири Файзиддин Каххорзода йил бошида Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида Хитойнинг Тожикистон ташқи қарзидаги улушига тўхталар экан, ҳукумат бу йўналишда барча мамлакатлар билан бирга ишлашдан манфаатдорлигини айтган эди. «Биз очиқ эшиклар сиёсатини олиб бораяпмиз, бу молиявий ресурсларни жалб этиш масаласига ҳам тегишли. Хитой ёки бошқа мамлакат бўладими, биз стратегик мақсадларимизга эришиш йўлида имтиёзли тартибларда ажратиладиган маблағларни жалб этишдан манфаатдормиз», - дейди Тожикистон Молия вазири.

2019 йил бошида Жаҳон банки иқтисодчилари ўрта муддатли истиқболда Тожикистонга тўғридан-тўғри хорижий сармоялар оқими паст даражада бўлишини ва капитал оқими тезлашишини башорат қилган эдилар. «Умумий ишчанлик муҳити саҳнида номақбул таъсир сабабли тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳажми пастлигича қолади», дейилган эди Жаҳон банкининг Тожикистондаги вазият бўйича баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилги “ёлғон маълумот бериш” ва “Халқаро валюта жамғармасининг кредитларидан мақсадсиз фойдаланиш” билан боғлиқ жанжаллардан кейин Тожикистон ҳозирча бу молиявий ташкилот янги дастурларининг маъқулланишига эришолмади. Деярли 10 йилдан бери мамлакат ХВФ кредит ва грантларини олиш масаласида рад жавобини олмоқда.

XS
SM
MD
LG