Ссылки доступа

Ақтўбе вилоятида бузилган автобусдан 55 ўзбекистонлик қутқарилди


Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида бузилиб қолган автобусда бўлган Ўзбекистоннинг 55 нафар фуқароси тезкор равишда иссиқ жойга эвакуация қилинди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, воқеа 20 ноябрь юз берди. “Самара—Чимкент” йўналишида ҳаракатланаётган ва ичида 57 киши, шу жумладан, 55 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус Ақтўбе вилояти Хромтау туманида техник носозлик туфайли тўхтаб қолган

Фавқулодда вазиятлар бўйича Ақтўбе вилоят департаменти қутқарувчилари автобус йўловчиларини иссиқ жойга эвакуация қилганлар. Вазирлик йўловчилар орасида тиббий ёрдамга муҳтожлар йўқлигини билдирди.

Хабарда айтилишича, автобусга ёз мавсуми учун мўлжалланган ёнилғи қуйилган ва у музлаб қолган. Айни пайтда автобусни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

2018 йилнинг 18 январь куни “Самара-Чимкент” автойўлининг Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетган эди.

XS
SM
MD
LG