Ссылки доступа

Қозоғистон МСК референдум бўйича ташаббус гуруҳини рўйхатга олмади


Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси сўнгги президентлик сайловини мониторинг қилган ва сайловлар ҳамда сиёсий партиялар тўғрисидаги қонунларга ўзгартиш киритишни таклиф қилаётган мустақил кузатувчилар томонидан тузилган референдум бўйича ташаббус гуруҳини рўйхатга олишни рад қилди.

МСК ўз қарорини ташаббус гуруҳи 10 ноябрь куни Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида қабул қилиниб, тақдим қилинган ҳужжатларда «хатоликлар» борлиги билан изоҳлади.

Гуруҳ МСКга тақлим қилган протоколда мажлисда 558 киши иштирок этгани таъкидланади, бироқ МСК пойтахт ҳокимлиги тақдим этган маълумотларга таянади, унга кўра мажлисга 279 делегат келган, «бу референдум ташаббускорлари томонидан ҳар бир вилоят, пойтахт, ҳамда республика аҳамиятига молик шаҳардан зарур миқдорда вакиллар қатнашиши тўғрисидаги Конституцион қонуннинг 12- моддаси 2- пункти талабларига амал қилинмаганини кўрсатади». МСКнинг таъкидлашича, минтақа вакилларининг, мажлис иштирокчиларининг рўйхатга олиниши, «мавжуд» овоз беришнинг талаб даражасида эмаслиги, Марказий сайлов комиссиясининг фикрича, ташаббус гурухи аъзолари сайланиши қонунийлигини савол остига қўяди.

Шу билан бирга МСК оммавий ахборот воситалари хабарини эсга солади: Vlast.kz интернеет нашри 300 нафар иштирокчи ҳақида маълум қилди, Азаттиқ эса ўз лавҳасида мажлисга келганлардан бири, МСКнинг ёзишича, «етарлича кворум бўлмаганига эътироз билдиргани»ни маълум қилди. Аслида эркак кворумга шубҳа билдирган, ўтирган жойида бақирган ва иштирокчилар уни залдан олиб чиқаётганида жанжаллашган. Мажлисда иштирок этган Азаттиқ мухбирнинг хабарига кўра, залда 500 дан ортиқ киши бўлган.

10 ноябрь куни референдум ўтказиш бўйича ташаббус гуруҳи Нур-Султонда мажлис ўтказиб сайловлар ва сиёсий партиялар тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш масаласини муҳокама қилди. Гуруҳнинг ўзагини июнда бўлиб ўтган сайловлар (унда мамлакатни салкам 30 йил бошқарган ва март ойида истеъфога кетган, аммо хокимият бошқарувини қўлида сақлаб қолган Нурсултон Назарбоевнинг меросхўри Қасим-Жомарт Тоқаев ғалаба қозонди)ни кузатган инсонлар ташкил қилади. Улар овоз бериш вақтида кўплаб қонун бузилишлари юз бергани борасида баёнот бердилар (ғарб кузатувчиларининг фикрича, сайловлардаги кўплаб қонун бузилишлари овозлар ҳисоблашдаги адолатни шубҳа остига қўяди).

Гуруҳнинг таклифларидан бири —пропорционал сайлов тизимидан мажоритар сайлов тизимига ўтишдир. Гуруҳ сиёсий партиялар тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқишни ҳам таклиф қилмоқда, яъни партиянинг рўйхатдан ўтиши учун аъзолар сонини 40 минг кишидан минг кишигача тушириш лозимлигини айтмоқда.

Қозоғистон янги тарихида атиги икки марта референдум ўтказилган. Ҳар иккиси хукумат ташаббуси билан ўтказилган. 1995 йилнинг апрелида бўлиб ўтган биринчи референдумда президент Назарбоевнинг ваколатлари сайловлар ўтказилмаган ҳолда2000 йилгача узайтирилди; 1995 йилнинг августида бўлиб ўтган иккинчи референдумда сайловчилардан янги Конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлашлари сўралди. Расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 90 фоизи асосий Қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар. Мазкур Конституция қабул қилиниши билан унга бир неча бор ўзгартишлар киритилди. Танқидчиларнинг фикрича, 1995 йилги Конституция суперпрезидентлик республикаси ва авторитар бошқарув ўрнатилишига олиб келди.

XS
SM
MD
LG