Ссылки доступа

Ҳар ой Тожикистонда 1 минг оила ажралиб кетади


Оилавий ҳаётга учинчи томоннинг аралашуви, аёлларга нисбатан зўравонлик, оғир иқтисодий аҳвол, эр-хотинларнинг узоқ айрилиғи, улардан бирининг меҳнат муҳожирлигида яшаши ҳар қандай мамлакатдаги, шу жумладан, Тожикистондаги “жамият бошланғич бўғини”нинг ажралиб кетишига сабаб бўлаётган омиллардан.

Расмий статистикага кўра, ҳар куни Тожикистонда 34 оила ажралмоқда. 2018 йил билан таққослаганда, мамлакатдаги ажралишлар сони 11 фоизга кўпайган. Шу йилнинг 9 ойида 9 мингдан зиёд оила ажралган. Яъни, ҳар ой 1 минг оила ажралаётган бўлиб чиқади.

Социологлар оилавий муаммоларга жиддий эътибор қаратиш кераклигини қайд этишади, негаки, у келажакда мамлакат учун оғир оқибатларга айланиши мумкин.

Аёллар ва оилалар ишлари бўйича қўмита юристи Мадина Тошеванинг айтишича, оилалар парчаланишига олиб келаётган тожик жамиятидаги кўплаб муаммолар орасида энг кўп тарқалганларидан бири эр-хотинлардан бирининг меҳнат миграцияси ҳисобланади. Унга кўра, Россияга ишлашга борган эркакларнинг кўпчилиги Россия фуқаролигини олиш мақсадида Тожикистондаги ўз никоҳини бекор қилиб, россиялик аёллар билан никоҳ қуради.

Ҳар йили минглаб тожик эркаклари тирикчилик илинжида Россияга кетади ва камида бир йил ўз аёли ва болаларидан узоқда бўлади. Айрим тожиклар россияликларга уйланиб, ўзга кулбада қолиб кетади. Бошқа томондан, деб қўшимча қилади Тошева, шундай эркаклар ҳам борки, расмий ажралишларга қарамай, оиласи билан қолади ва аёллари билан шаръий никоҳ асосида яшайди.

Мадина Тошеванинг айтишича, ажралиш юз берган тақдирда айнан аёллар катта муаммолар билан тўқнаш келади. «Сўз мулкни тақсимлаш ҳақида боради, агар расмий никоҳ бўлмаса, аёл ҳеч нарсага даъвогарлик қилолмайди. Одатда аёллар болалари билан ҳеч нарсасиз қолиб кетади», - дейди у. Тожикистон Конституцияси оилани давлат пойдевори деб тан олади ва Асосий қонуннинг иккита моддаси аёллар, болалар ва оилалар ҳуқуқини ҳимоялашга бағишланган. Бироқ амалда давлат оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоялаш тўғрисидаги ўз шиорларини қай даражада амалга оширмоқда?

«Қўмита оила институти ва оилавий қадриятлар тўғрисидаги ҳуқуқий билимларни ошириш юзасидан ёшлар орасидаги дастурларини бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалга оширмоқда. Жумладан, ҳукумат уйдаги зўравонликка қарши кураш тўғрисидаги қонун ва 2014-2023 йилларда оилавий зўравонликдан огоҳлантириш бўйича Давлат дастурини қабул қилган», - дейди суҳбатдош.

Дарвоқе, ҳуқуқ ҳимоячилари бундай дастурларни етарли эмас, деб ҳисоблайди. Бир неча йил илгари Тожикистонда ажралишларнинг юқори даражаси туфайли расмийлар 2015 йилни Оила йили деб эълон қилишган ва оилани ҳимоя қилиш бўйича ташвиқот кампанияларини амалга оширишган. Бироқ, афтидан, бу чоралар кутилган натижани бермади ва Тожикистонда ажралишлар сони йилдан йилга фақат ошиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG