Ссылки доступа

ИИВда янги тайинловлар амалга оширилди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг буйруғи билан раҳбарлик лавозимларига тайинловлар амалга оширилгани тўғрисида маҳаллий ОАВлар ИИВ матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

Генерал-майор Икромов Азизбек Исроилович Ўзбекистон ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар у мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари бўлган.

2018 йил июнидан буён Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари — молия ва моддий техника таъминоти бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган полковник Рахматуллаев Аюбхон Тошхўжаевич ички ишлар вазирининг ўринбосари-молия ва моддий техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. У Рустам Машрабжонович Эргашев ўрнига ушбу лавозимни эгаллади.

2018 йил октябридан Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари — молия ва моддий техника таъминоти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган полковник Абдуллаев Бекмурод Тожимирзаевич ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Жорий йилнинг 4 январидан буён ушбу лавозимда полковник Бахтиёр Пўлатович Фармонов фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Узоқ йиллар давомида ИИВ полковник Бадриддин Усмонович Шорихсиев раҳбарлик қилган ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига муқаддам Президент администрациясида мутасадди ходим бўлиб фаолият кўрсатган полковник Муҳамедов Улуғбек Тошпўлатович бошлиқ этиб тайинланди.

Полковник Саидов Олим Чориқулович ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар у Юнусобод туман ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, унгача — Тошкент вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари ва Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган. ЙҲХББга узоқ йиллар давомида полковник Холматжон Ахматович Сайдалиев раҳбарлик қилган.

21 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиëев қарори билан Ички ишлар вазири ўринбосари¸ ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ва Қоровул қўшинлари қўмондони – жами ўнга яқин юқори лавозимли амалдор ишдан олингани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси 19 ноябрь куни ИИВ Қоровул қўшинлари собиқ қўмондони генерал-майор Дмитрий Панга нисбатан жиноят иши қўзғатди.

XS
SM
MD
LG