Ссылки доступа

Қозоғистонлик фаол Дулат Агадил изолятордан озод қилинди


Фуқаролар фаоли Дулат Агадил 26 ноябрь куни ҳибсда ушлаб туриш муддати тугагани боис Қозоғистон пойтахти яқинидаги Оқмола қишлоғидаги вақтинчалик сақлаш изоляторидан озод қилинди.

Озодликка чиққан фаол сешанба куни Нур-Султонда Европа Иттифоқи ваколатхонаси олдида давом этаётган митингга қўшилмоқчи. Мазкур митинг иштирокчилари эрталаб сиёсий маҳбусларни озод қилиниши ёзилган плакатларни кўтариб олишди ва “Қозоғистон Демократик танлови” ҳаракатини тақиқлаш борасидаги суд қарорини бекор қилинишини талаб қилдилар.

Озодликка чиққанидан сўнг Агадил Азаттиқ радиосига интервью берар экан, ўзининг ҳибсга олиниши ва ушлаб турилишига норозилик сифатида изолятордан қочганини маълум қилди. Бундан аввал фаол Оқмола қишлоғидаги Вақтинчалик изолятордан қочишини суд ва прокуратура идоралари томонидан асоссиз равишда таъқиб қилинаётганига норозилик сифатида таърифлаган эди.

13 ноябрь куни хибсда ушлаб турилиш муддати тугашига бир кун қолганида полиция Агадил изолятордан қочганини маълум қилди, бу ўз навбатида унинг хавфсизлиги борасида қариндошлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларида хавотирларга сабаб бўлди. Полиция ўшанда баёнот бериб, “судга бўлган ҳурматсизлиги учун” фаолга яна беш кун муддат қўшиб берилганини маълум қилди. 15 ноябрь куни Агадил бош прокуратура биноси олдида пайдо бўлди ва ўша ерда полиция томонидан ушланиб изоляторга қайтарилди. Фаол ўтган ҳафтада озод қилиниши кутилган эди. 21 ноябрь куни изолятор ходими фаолнинг изолятор деворлари олдига келган тарафдорларига Агадилга нисбатан яна беш кун муҳлат қўшиб берилганини маълум қилди.

Дулат Агадил бундан аввал бир неча бор ушланган, “митинглар ўтказиш тартибларини бузгани” ва хукумат расмийларига “бўйсинмагани” учун маъмурий жавобгарликка тортилган эди. Аммо унинг ўзи бу каби айбловларни инкор қилади.

9 июнь куни бўлиб ўтган муддатдан аввалги президентлик сайловлари куни полиция Агадилни ушлади, у ўша куни пойтахтдаги Азаттиқ радиоси бюросига тўғридан тўғри эфирда иштирок этиш учун кетаётган эди. У Есил туман полиция бўлимига олиб борилди. Кейинроқ Агадил ўзига нисбатан куч ишлатилгани борасида баёнот берди.

Халқаро ташкилотлар бир неча бор Қозоғистонда тинч намойиш ўтказиш хуқуқлари бузилаётганини айтиб, Нур-Султонни инсон хуқуқлари борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга чақириб келади. Ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистон расмийларини митинг ўтказишда хабардор қилиш характерига ўтишга даъват қилади — ҳозир мамлакатда акция ўтказиш учун фуқоролар маҳаллий ижро идораларидан рухсат олишлари кераклиги борасидаги қонун амал қилади. Расмийлар фаолларнинг аризаларини рад қилади. Қозоғистон хукумати ўз шаънига билдирладиган танқидларни инкор қилади ва мамлакатда сиёсий мотивлар бўйича таъқиблар йўқлигини айтади.

XS
SM
MD
LG