Ссылки доступа

Партия тузишга қарор қилган журналист Мамайга озодликни чеклаш муддатдан аввал бекор қилиниши рад қилинди


Ўтган ойда сиёсий партия тузиш режасини эълон қилган 31-ёшли Жанболат Мамай Facebook’да маълум қилишича, Олмаота вилояти Каскелен шаҳар суди уни шартли равишда муддатдан аввал озод қилиш борасидаги илтимосини рад қилди. У икки йилдан бери пробацион назоратда турибди.

Мамайнинг адвокати Жанар Балгабаеванинг Азаттиқ радиосига айтишича, Қорасой туман суди ўз қарорини қандайдир журналистик фаолият билан изоҳлаган, аммо тафсилотларни айтмаган. Балгабаеванинг сўзларига қараганда, ўз мижозини муддатдан аввал озод қилиниши учун етарлича асослар бор. Адвокатнинг айтишича, Мамайнинг интизомий жазолари йўқ, унга нисбатан бирор бир даъво берилмаган.

«Расмийлар мен пробацион назоратда қолишимни, Олмаотадан ташқарига чиқа олмаслигимни, мунтазам равишда пробация хизматига келиб рўйхатдан ўтиб туришимни истамоқда», — дейди Мамай суд биноси фонида тушган видеода. Бу видео 26 ноябрь, сешанба куни эълон қилинди. «Менинг фикримча, бу сиёсий қарор. Менинг шартли равишда муддатдан аввал озод қилинишимнинг рад этилишига бирор бир бошқа сабаб йўқ», — дея қўшимча қилади Мамай.

Ноябрь ойи бошларида Мамай баёнот бериб, 2 ноябрдан 8 ноябрга қадар Қозоғистон ғарбий минтақаларига сафарга чиқиш режаси борлигини маълум қилган эди, аммо унинг сўзларига қараганда, пробация хизмати «уни шаҳардан чиқиши тақиқлангани, тақиқни бузса кескин чора кўрилишини» билдирган. Бироқ 9 ноябрь, шанба куни у Олмаотадаги сиёсий ислоҳатлар талаби илгари сурилган митингда бўлди. Кейинроқ фаол Олмаота вилоят жиноят-жазо тизими департаменти унинг ҳаракатидан бирор бир қоида бузилишини топмагани борасида баёнот берди.

Жанболат Мамай, (айни дамда ёпилган «Саяси қалам. Трибуна» («Сиёсий қалам. Минбар») газетасининг бош муҳаррири) 2017 йил февралда ҳибсга олинган эди. У, расмийларнинг таъкидлашича, собиқ банкир Мухтар Аблязов томонидан БТА Банкдан олиб чиқиб кетилган пулларни қонунийлаштиришда айбланган. Ўша йилнинг сентябрида Олмаота шаҳар суди журналистни айбдор деб топди ва мол-мулки мусодора этилган ҳолда уч йил озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган ҳолда жазо белгилади. Суд қарорига кўра унинг уч йил давомида журналистик фаолият билан шуғулланиши тақиқланди. У суд залидан озод қилинди. Талдирқўрғон суди апрель ойида журналист Жанболат Мамайнинг шартли равишда муддатдан аввал озод қилиш борасидаги илтимосини қаноатлантирди.

2009 йилдан бери хорижда истиқомат қилиб келадиган, Қозоғистон хукуматининг танқидчиси Мухтар Аблязов ўз шаънига қўйилаётган айбловларни инкор қилади ва шу билан бирга хукуматни ўша вақтда активлари бўйича мамлакатдаги энг йирик бўлмиш БТА Банкни тортиб олганини даъво қилади.

XS
SM
MD
LG