Ссылки доступа

Тожикистон махсус хизмати: чегара заставасига қилинган ҳужумда аёллар ва болалар иштирок этган


Мухаммад Саидов
Мухаммад Саидов

Тожикистон МХДҚ вакили оиладаги муаммоларга бағишланган конференцияда тожик-ўзбек чегарасидаги «Ишқобод» чегара заставасига қилинган ҳужумнинг айрим тафсилотларини маълум қилди.

Ҳужумдан сўнг МХДҚнинг битта баёноти эълон қилинган, куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар бошқа тафсилотларни ошкор қилмаган эди.

МХДҚ ходими Муҳаммад Саидов анжуманда қилган чиқишида, 6 ноябрь кунги ҳужумда 9 нафар эркак, 11 нафар аёл ва 13 нафар 4 ёшдан 15 ёшгача бўлган вояга етмаган бола иштирок этганини маълум қилди. Шу билан бирга у ҳужумда болалар бажарган вазифа ҳақида маълумот бермади. Бу маълумот постга 20 нафар жангари ҳужум қилгани борасида тарқатилган расмий маълумотга зиддир.

Радио Озоди ҳужум қилганлардан бири 15 ёшда эканини, у 8 синфда ўқишини аниқлашга муваффақ бўлди. Йигитча бошқа минтақада яшовчи қариндошлари билан учрашишни баҳона қилиб мактаб директоридан рухсат сўраган. Унинг ҳеч қачон хорижда бўлмагани аниқланди.

Расмий маълумотга қараганда, Рудакий туманида жойлашган тожик-ўзбек чегарасидаги “Султонобод” чегара отрядининг "Ишқобод" заставасига ҳужум 6 ноябрь тунда уч яримда бошланган. Ҳужум уюштирган шахслар ИД жангарилари эди, дея хабар берди Тожикистон МХДҚ матбуот маркази. Идоранинг маълум қилишича, 20 нафар жангари 3 ноябрь куни Афғонистон шимолий-шарқидаги Қундуз вилоятининг Қалаи Зол уездидан Тожикистоннинг Кубодиен туманига ўтган.

Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари Бош бошқармаси хабарига кўра, куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар томонидан ўтказилган амалиёт чоғида 15 нафар жанггари йўқ қилинди, беш нафар жангари қўлга олинди. Тожикистон ИИВ 4 нафар жангари қўлга олинганини маълум қилди. Расмийлар куч ишлатиш салоҳиятига эга идораларнинг икки ходими - милиционер Баҳром Қосимзода ва чегарачи Изатулло Латифовнинг ҳалок бўлганини расман тасдиқлади.

Ҳодисадан икки кун ўтиб «Ислом Давлати» «Ишқобод» заставасига қилинган ҳужум учун маъсулиятни ўз зиммасига олди. 8 ноябрь куни «Амак» сайтида эълон қилинган ИД баёнотида, жангариларнинг ҳужуми оқибатида Тожикистон чегара қўшинларининг 10 нафар ҳарбий хизматчиси ўлдирилгани маълум қилинди.

Афғонистон мудофаа вазирлиги Афғонистон худудларидан Тожикистоннга жангарилар ўтгани борасидаги фактни инкор қилади.

МХДҚ вакилининг конференцияда айтишича, гуруҳ Сўғд вилоятида ташкил этилган ва сўнгги ойлардла тўда аъзолари пойтахтдаги Исмоили Сомоний тумани худудларида истиқомат қилиб келган. «Бегона кишиларни маҳалла раиси ҳам, участка милиционери ҳам кўрган, аммо ҳеч ким уларга эътибор қаратмаган», - дейди Муҳаммад Саидов.

Унинг сўзларига қараганда, юз берган ҳодиса – хавфсизлик идораларининг совуққонлиги, шунингдек маҳалла расмийлари ва аҳолисининг сергаклиги сустлиги натижасидир. «Кўпчилик радикаллашувни аҳолининг қашшоқлиги билан боғлашади, бироқ юз берган ҳодиса ҳужум иштирокчиларининг ҳаммаси ҳам қашшоқ оиладан эмаслигини кўрсатиб турибди. Тергов гуруҳ раҳбари Шуҳрат Ғафуровнинг бойлиги 1 млн сомони эканини аниқлади. Бу маълумотни бошқа манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Ҳужумдан сўнг уч ҳафта ўтди, аммо хукумат ОАВ ва жамоатчиликка бирор бир тафсилотларни тақдим қилмади. Бошқа манбалардан олинган маълумотлар чала, айримлари расмий маълумотларни шубҳа остига қўяди.

XS
SM
MD
LG