Ссылки доступа

Биринчи оиланинг яна бир меҳмони – туркиялик қассоб Тошкентда шоҳона қарши олинди


23 ноябрь саҳарда Инстаграм юлдузига айланган туркиялик таниқли қассоб ва ресторанчи Нусрет Гўкче (Nusret Gökçe) Тошкент аэропортида карнай-сурнай садолари остида деярли давлат раҳбарлари мақомида қарши олинди.

Олтин сепилган стейклари билан ном чиқарган Гўкче Instagram саҳифасида қўйган Тошкент сафарига оид сурат ва видеолардан унинг биринчи оиланинг хос меҳмони экани кўрилади.

Нусрет Гўкче келган куннинг эртаси - 24 ноябрь куни Шавкат Мирзиëевнинг катта куëви ўз туғилган кунини нишонлади. Нусрет сафари тафсилотларини Озодликка айтиб берган ҳукуматга яқин мулозимларга кўра¸ таниқли қассоб ва ошпаз президент куëвига у туғилган кунда қилинган қимматбаҳо “совға”лардан бири бўлган.

Нусрет Гўкченинг Тошкентга келишига оид айрим тафсилотларни маълум қилган тошкентлик мулозимга кўра¸ туркиялик машҳур қассоб кутилганидан бир кун кечикиб келган.

- Чартер самолëтда опкелишди. Учувчилар бир кун кутди уни. Билишимча¸ куëвларнинг шотирлари опкелди уни. 23 ноябрь куни "Ҳумо"даги ММА жангида кўринди. Эртасига Ойбек Турсуновнинг туғилган куни эди. Куëвга совға сифатида меҳмонга опкелишти¸ билишимча¸ деди Нусрет Гўкчени Тошкентда кўрган мулозим.

Гўкче 25 ноябрь куни Instagram саҳифасида ўзининг Тошкентга қандай самолëтда келгани¸ қандай кутиб олингани акс этган видеоларни жойлади.

Видеоҳикоядан қассобнинг писта-бодом¸ узум-анор тўла саватлар билан безатилган хусусий учқичда келгани¸ уни Тошкент аэропортида карнай-сурнай садолари остида қўлида гулдасталар билан миллий либосдаги чиройли қизлар кутиб олгани кўринади.

Кейинги видеолардан қор қалин ëғаëтган Тошкентда туркиялик ошпаз учун Tashkent Cityда мусиқий фаввора отилгани¸ Cityнинг турли ранглардаги чироқларга буркангани кўрилади.

Tashkent Cityнинг баландликдан олинган 15 секундлик видеосини Гўкче​“Ажойиб лойиҳа браво” деган сўзлар билан тақдим қилди.

Гўкченинг 24 соатдан сўнг ғойиб бўлган Instastory (Instagram ҳикояси-таҳр.) сида эълон қилинган сурат унинг Ўзбекистон 1-оиласи меҳмони бўлгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлайди.

Президент Мирзиëевнинг ўғли Алишер¸ набираси Миромонни (Саида Мирзиëева ва Ойбек Турсуновнинг ўғли) қучоқлаб тушган суратини Гўкче¸ “Қардошларим билан бирга” деб тақдим этган.

36 яшар Гўкче асли эрзурумлик курдлардан. 6-синфдан мактабни ташлаб¸ қассобчиликни бошлаган Гўкче¸ 2017 йили гўштга қўлини ҳужумга шайланаëтган кобрадек қилиб туз сепиши билан ижтимоий тармоқда мемга айланди ва халқаро майдонда танилди. Шу боис ижтимоий тармоқда асл отидан кўра кўпроқ Salt bae (Туз бей) тахаллусини ишлатади.

2017 йилдан бошлаб Туркия ташқариси¸ хусусан¸ Абу Даби¸ Дубай¸ Жидда¸ Доҳа¸ Миконос¸ Майами ва Нью Йоркда Nusr-Et деб номланган ресторанлар тармоғи очган. Instagram саҳифасида асосан ўзи ва ресторанларини реклама қилувчи¸ айниқса¸ ўзининг таниқли футболчилар¸ киноюлдузлар¸ миллиардерлар¸ шаҳзода ва президентлар хизматида эканини кўрсатувчи сурат ва видеоларни жойлаб боради.

2018 йили Венесуэла президенти Мадуро Гўкче ресторанида стейк ейиш учун Хитойдан қайтаëтиб Истанбулда икки соат қўниб ўтган ва бу ярим очликда яшаëтган венесуэлаликлар орасида кескин норозиликларга сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG