Ссылки доступа

Россиянинг бир неча ОТМи Ўзбекистонда ноқонуний ишламоқда


Россиянинг бир неча ОТМи Ўзбекистонда ноқонуний ишлаётгани маълум бўлди.

Россия Федерациясининг:

Томск давлат бошқарув тизимлари ва радиоэлектроника университети;

Молия, иқтисод ва захирадаги офицерлар ҳуқуқи институти;

“Тадбиркорлик олий мактаби” хусусий олий таълим муассасаси;

“Шарқий-Европа институти” хусусий олий таълим муассасаси;

“Сибирь бизнес ва ахборот технологиялари институти” нодавлат олий таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олий таълим беришга рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлмай туриб, абитуриентлардан ҳужжат қабул қилмоқда.

Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси огоҳлантирди. Инспекцияга кўра, қонунни бузаётган Россия ОТМлари қаторида тилга олинганлардан ташқари "бошқалар" ҳам бор.

"Янги ўқув йили бошланганига 3 ой бўлган бўлсада, 2019/2020 ўқув йили учун ўқишга киришга абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни давом этаётганлиги ва ушбу хизмат учун пул ундирилаётганлиги, контракт шартномалари тузилаётганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда", дейилган инспекция хабарида.

Қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, нодавлат таълим ташкилоти сифатида Таълим инспекцияси рўйхатидан ўтмаган нодавлат таълим ташкилотлари томонидан берилган таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар юридик ҳуқуққа эга эмас.

Юқорида тилга олинган ОТМлардан бири билан боғлиқ воқеа тўғрисида Озодлик сентябрда хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG