Ссылки доступа

Москвада спортчини ўлдиришда гумондор тожик муҳожирларини судлашмоқда


Москвада грек-рим кураши бўйича спорт устаси Сергей Чуевнинг ўлдирилишида гумонланаётган тожик муҳожирларининг қариндошлари ишнинг кўрилиши чўзилаётганидан ташвишдалар. 34 ёшли спортчи 8 июнга ўтар кечаси Жанубий Бутовда ҳалок бўлган.

Қўлга олинган муҳожирлардан бири Рустам Аминовнинг акаси Равшан Акрамовнинг 26 ноябрь куни Озодлик радиосига хабар беришича, қариндошлар шу кунларда суд-тиббий экспертиза натижаларини олишган. «Судмедэкспертлар менинг укам ва бошқа ушланганлар фойдасига хулоса чиқаришди. Уларнинг хулосасига кўра, Чуев калтаклашдан эмас, балки сувга ғарқ бўлишдан ҳалок бўлган», дейди у.

Фожиа 8 июнга ўтар кечаси Москванинг Жанубий Бутов кўчасидаги паркда содир бўлган. Россия ОАВ Сергей Чуев паркдаги кўприк устида қизи билан турар экан, “қўпол ҳақоратли ибораларни ишлатган” ва гўёки ҳомиладор аёлга тегажоқлик қилган бир гуруҳ эркакларга танбеҳ берганини ёзишган эди. Можаро юзага келиб компания спортчини калтаклаган, у эса кўприкдан ҳовузга қулаб, чўкиб кетган.

Бироқ Чуевнинг ҳомиладор аёлни ҳимоя қилиш ҳақидаги версия гувоҳлар томонидан рад этилган. Улардан айримлари мигрантлар билан муштлашувни Сергей Чуев бошлаганини айтишган. Маълум бўлишича, спортчи сувга қулагандан кейин, паркда дам олаётганларнинг бирортаси унга кўмак кўрсатишга шошилмаган.

Тожикистонлик гумондор фуқароларни 8 июнь куни Москвадаги савдо марказларининг бирида қўлга олишди. 10 июн куни Москванинг Черемушкина суди Сергей Чуевнинг ўлдирилиши иши юзасидан гумондор 6 кишини қамоққа олишга санкция берди.

Сўғд вилояти, Матчин туманидан бўлган Фаридун Сафаров, Рустам Аминов, Фируз Сафаров, Неъматжон Бобоев, Мирзошавкат Тафалангов ва Меърожиддин Аловиддинзода мана ярим йилдирки, Москвадаги тергов изоляторларидан бирида қолмоқда. Қўлга олингларга нисбатан РФнинг Жиноят кодекси 105 моддаси, 2 қисми “ж” ва “и” пунктлари – “бир гуруҳ шахслар томонидан безорлик ниятида содир этилган қотиллик” бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Россиядаги Тожикистон элчихонасининг хабар беришича, тожик дипломатлари воқеалар ривожинир диққат билан кузатиб бормоқда. «Менинг иним ва бошқа ушланганлар жиноий ишнинг холис текширилишини талаб қилмоқда», - дейди ўз укаси билан телефон орқали суҳбатлашиб туришини айтган Равшан Акрамов.

Ўз навбатида қўлга олинган Фируз Сафаровнинг қариндоши Мухаммадшо Раҳимзода манфаатдор шахслар суд-тиббий экспертиза натижаларини қалбакилаштирилишидан ташвишда.

Ҳозирги пайтда беш нафар адвокат қамоққа олинган муҳожирлар ҳуқуқларининг ҳимояси билан шуғулланмоқда. Гумондор Неъматжон Бобоевнинг адвокати Игорь Кайдан 26 ноябрь куни суд-тиббий экспертлар Чуевнинг ўлимида гумонланаётган барча шахслар фойдасига хулоса чиқарганларини тасдиқлади. «Ҳозирги вақтда барча қурол сифатида фойдаланиладиган буюм қўллаган ҳолда безорилик содир этишда айланмоқда», дейди адвокат.

6 ноябр куни Чуевнинг ўлими борасидаги иш юзасидан биринчи суд жараёни бўлиб ўтди. Адвокатларнинг сўзларига кўра, суд жараёни келаси йилнинг февралида якунланади.

Эслатиб ўтамиз, Россия ОАВда қўлга олинган тожик муҳожирларининг шимлари йиртилган ва тананинг яланғоч қисмлари тасвирланган фотосуратларни чоп этиши ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирган эди. Фойдаланувчиларга кўра, қўлга олингларни бу каби таҳқирлаш номақбулдир.

Бизнинг Телеграм-каналимизга қўшилинг!

XS
SM
MD
LG