Ссылки доступа

Нур-Султонда “Қозоғистонда фуқаролар эркинлиги учун” митинги ўтмоқда


27 ноябр куни бир неча ўнлаб фаоллар Нур-Султондаги Европа Иттифоқи ваколатхонаси яқинида тўпланиб, ЕИ дипломатларини ўз олдиларига чиқишга, уларнинг шикоятларини тинглашга ва мурожаат қабул қилишга чақирдилар.

Норозиларнинг айтишича, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ўз давлатларида бузилмоқда, уларни таъқиб қилишмоқда ва митинглар ўтказишга рухсат беришмаяпти.

Фаоллар иккинчи кундирки, ЕИ ваколатхонаси биноси олдида пикет ўтказмоқдалар. Кеча акция уч соатча давом этди. ЕИ ваколатхонасидан ҳеч ким норозилар олдига чиқмади. Сешанба куни ЕИ ваколатхонаси қабулхонасидагилар Озодликка бандликларини рўкач қилиб, “чиқиш учун ваколатхонада ҳеч ким йўқлигини” айтишган.

Норозилар қозоқ ва рус тилларида шиорларни баралла айтишмоқда: «Саяси тұтқындарға бостандық!», «Сиёсий маҳбусларга озодлик!» ва «Қытай экспансиясына жол жоқ!» («Хитой экспансиясига йўл йўқ!»). Ушбу акциялар шиорларида муқаррар қатағонлардан қутулиш мақсадида Хитойнинг Шинжон минтақасидан Қозоғистонга қочиб ўтган этник қозоқларнинг ортга бадарға қилинишига йўл қўймаслик чақириқлари ҳам ўрин олган. Норозиларнинг таъкидлашича, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва фуқаро эркинликларини таъминламай туриб, Қозоғистон билан ҳамкорликка йўл қўйиб бўлмайди.

ЕИ ваколатхонаси олдида йиғилганларга кўра, акция соат 11 да бошланган. Ҳозирча ҳеч ким улар олдига чиқмаган. Норозилар акцияни давом эттириш ниятларини айтишмоқда.

Еврокомиссия томонидан май ойида қабул қилинган янги «Марказий Осиёда ЕИ стратегияси» Европа Иттифоқининг минтақа билан ҳамкорлигининг учта устувор соҳаларини белгилайди. Уларнинг биринчисида айтилишича, ЕИ Марказий Осиё минтақасида «демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги» ни илгари суради.

26 ноябр куни ЕИнинг Қозоғистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати ЕИ Кенгашининг Шарқий ва Марказий Осиё бўйича Ишчи гуруҳининг Қозоғистонга ташрифи доирасида Қозоғистон ҳукуматининг мансабдор шахслари ва парламент мажлиси депутатлари, шунингдек, Бош прокуратура вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказганини хабар қилди.

Ўтган ҳафта ЕИ ва Қозоғистон ўртасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича 11-Мулоқотда ваколатхона хабарида айтилишича, учрашувлар Қозоғистонда “сиёсий ўзгаришлар даврида”, шунингдек, “ЕИга аъзо мамлакатлар томонидан ЕИ ва Қозоғистон ўртасидаги кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув тўлиқ ратификация қилиниши туфайли” Қозоғистон билан муносабатларда “бурилиш лаҳзалари”да бўлиб ўтмоқда.

2017 йилнинг декабрида Европа парламенти Қозоғистон билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни маъқуллади. Ҳужжат ўнлаб соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт ва савдода ҳамкорликни кўзда тутади. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг бир неча бор таъкидлашларича, Қозоғистоннинг инсон ҳуқуқлари ва фуқаро эркинликларига риоя қилишни таъминлаши мазкур келишувнинг шарти бўлиши керак эди.

.

XS
SM
MD
LG