Ссылки доступа

Душанбеда икки нафар божхона ходими контрабанда учун панжара ортига юборилди


Пойтахтдаги Сомоний туман суди божхона хизматининг икки ходимини маҳсулотларни контрабанда қилганликда айбдор деб топди ҳамда 6 ва 10 йил муддатга озодликдлан маҳрум қилди.

Шомилжон Наботов ва Муҳаммаднозим Нозимов мамлакат президенти божхона, солиқ ва молия идораларини кескин танқид қилиб, айрим амалдорлар томонидан коррупция ва ўғирлик содир этилаётганини айтганидан икки ҳафта ўтиб - шу йилнинг май ойида ушланган эди.

Икки нафар божхона ходимига ҳукм шу йилнинг октябрида чиқарилди, ноябрь ойида эса шаҳар суди уларнинг адвокатларининг кассация шикоятини қаноатлантирмади ва ҳукм ўз кучида қолди. Қариндошларининг фикрича, ҳукм «ўта кескин ва қайта кўриб чиқилиши керак».

Ҳукм қилинган божхона ходимларига яқинда эълон қилинган амнистия жорий қилиниши ёки қилинмаслиги аниқ эмас. Исмоил Сомоний туман суди ва Душанбе шаҳар суди ҳукм тафсилотлари ҳақида маълум қилмади. Хабардор манбанинг айтишича, Мухаммаднозим Нозимов ва Шомилжон Наботов Ўзбекистондан кийим-бош олиб кираётган юк машинасини рўйхатдан ўтказмаганликда айбдор деб топилган. Уларнинг ҳар иккиси тожик-ўзбек чегарасидаги Истаравшан чегара божхона пунктида ишлашган.

Мухаммаднозим Нозимовнинг адвокатининг 28 ноябрь куни айтишича, ўз ҳимоясидаги шахс хуқуқ-тартибот идоралари ходимлари шу йилнинг 23 май куни Душанбеда юк машинасини ушлаганларидан кейин ҳибсга олинган. «Бу машинада божхона расмийлаштирувсиз Ўзбекистондан кийим бош олиб келинаётган эди», -дейди манба.

Адвокатнинг айтишича, мазкур иш бўйича олти киши -уч нафар божхона ходими, икки ҳайдовчи ва бир нафар Ўзбекистон фуқороси ушланган. Икки нафар божхона ходимидан ташқари қолганлари жаримага тортилдилар ва қўйиб юборилдилар, Мухаммаднозим Нозимов ва Шомилжон Наботов эса судга тортилди ва озодликдан маҳрум қилинди. Уларнинг қариндошларининг сўзларига қараганда, улар етказилган 55 минг сомони (5,5 минг доллар) миқдоридаги моддий зарарни тўлалигича қопладилар.

Ҳукм қилинганлардан бирининг отаси Абдулазиз Нозимов, ўғли Мухаммаднозим албатта айбдор эканини, аммо чиқарилган ҳукм шафқатсиз эканини айтди.

Бу божхона расмийлаштирувисиз юк машиналарини ўтказиб юборилиши билан боғлиқ ягона воқеа эмас. Шу йилнинг ёзида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Божхона хизмати раҳбари Хуршед Каримзода Тожикистонга Хитойдан учта юк машинаси киргани, аммо божхона ходимлари юкларни қонунга асосан рўйхатдан ўтказмаганликларини айтган эди. Бу ҳодисадан кейин Тоғли Бадахшон Мухтор вилоятининг уч нафар божхона раҳбари мансабидан бўшатилган эди.

XS
SM
MD
LG