Ссылки доступа

Дональд Трамп Гонконгда инсон ҳуқуқлари ва демократияни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади


Пайшанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп Гонконгда инсон ҳуқуқларини бузган хитойлик ва гонконглик расмийларга санкцияларни кўзда тутган ва Хитойнинг мазкур минтақасидаги норозилик намойишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳаларини имзолади.

Гонконгдаги демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Актига биноан АҚШ маъмурияти норозиликларни бостиришда иштирок этган Хитой ва Гонконг амалдорларига нисбатан санкциялар жорий этиши керак. Бундан ташқари Давлат департаменти ҳар йили Гонконгдаги мухторият даражасини баҳолаб бориши керак. Яна бир қонунга кўра Гонконга намойишчиларни тарқатишда фойдаланиладиган полиция жиҳозлари ва техникаларининг экспорти тақиқланади.

Оқ уй баёнотида таъкидланишича, президент Трамп бу қонун лойиҳаларини "Хитой ва Ганконг раҳбарлари ва вакиллари қарама-қаршиликларни тинч йўл билан ҳал қилиб, фаровонликка умид" мақсадида имзолаган. Хитой ТИВ баёнот бериб, имзоланган қонунлар "Гонконг ички ишларига, Хиитой ички ишларига қўпол аралашишни ва халқаро муносабатлар меъёрларини бузишини" маълум қилди.

Бу қонунлар ўтган ҳафтада Конгресснинг ҳар икки палатаси томонидан қабул қилинган эди. Ҳужжат муаллифларининг таъкидлашича, кўзланган мақсад Гонконгда демократияни қўллаб қувватлаш мақсадида ярим йилдан бери давом этаётган намойишчилар билан бирдамликни намойиш этишдан иборат. Сўнги дақиқаларга қадар президент Трамп қонун лойиҳаларни имзолаши ноаниқ эди. Чунки бу қонунларга Пекин ва Гонконг расмийлари қарши чиқаётган эди. Оқ уйнинг бу қадами савдо божларини бекор қилиш мақсадида Вашингтон ва Пекин ўртасидаги савдо музокараларига халақит бериши мумкинлигидан хавотир олинаётган эди.

XS
SM
MD
LG